The (Тimes Higher Education) рейтингига кирган топ 200 та университетнинг қарийб тўртдан бир қисмида (48 тасида) аёллар раҳбарлик қилмоқда. Сўнгги йилларда дунёнинг энг яхши университетларига аёлларнинг раҳбарликка келиш ҳолатлари анча кўпайди. Бу кўрсаткич ўтган йилгидан 12 фоиз, 5 йил аввалгидан эса 41 фоизга юқорилаган. 5 йил олдин топ университетларнинг атиги 34 тасида аёллар ректорлик қилган.
АҚШ ва Германия топ университетларда раҳбар аёллар сони ошиши бўйича етакчи ўринларда. Германияда 5 та топ университетни аёллар бошқаряпти.
THE халқаро рейтинги маълумотларига кўра АҚШдаги нуфузли 58 та университетнинг 16 тасида аёллар раҳбарлик қилмоқда. Ўтган йили аёл раҳбарлар 13 нафар бўлган. Хусусан, Оксфорд университети, Массачусетс технологиялар университети, Пенсилвания университети, Бритиш Колумбия университетларини аёллар бошқаради.

Шунингдек Шарқий Осиё ва Ўрта Шарқда ҳам бу борада сезиларли ўзгаришлар бўлган. Гарчи олий таълим бошқарувида хотин-қизлар ролини оширишда сезиларли ўзгаришларга эришилган бўлса-да, ҳали тенгсизлик ҳам етарлича. Нуфузли университетлар жойлашган 27 та давлатда аёл ректорлар фаолият юритаётган бўлса, шундай ОТМ бор 12 та давлатдаги нуфузли ОТМлар раҳбарлари эркакларга ишониб топширилган.
Таълим бошқарувидаги аёллар қандай муаммоларга дуч келади?
Аёлларнинг таълим соҳасидаги улуши муаммосига халқаро миқёсда эътибор қаратилиши керак. 2018 йилда АҚШда ассистент профессорларнинг 53 фоизини, доцентларнинг 46 фоизини ташкил қилган. Бироқ улар тўлақонли профессорларнинг (full профессор) атиги 34 фоизини ташкил қилишган.
Маълум муддат Оксфорд университети проректори бўлган Луиза Ричардсоннинг қайд этишича, юқори мартабали аёлларга нисбатан медиа зўравонлиги юқори. Булар университетлар раҳбариятининг реал муаммосидир. Ижтимоий тармоқлар орқали қўрқитиш, безорилик, тажовуз, ўлим тилаш, ташқи кўриниш устидан кулиш ва аёлларга мос бўлмаган турли ҳақоратлар аёл раҳбарлар фаолиятига халақит беради.
«Токи биз хотин-қизлар қўрқувига сабаб бўладиган тролларни таг-томири билан йўқотмас эканмиз университетлар ва бошқа жамият институтларида аёл лидерлар камлигича қолаверади», дейди Ричардсон хоним.
Дарҳақиқат, ўтган ой Шотландия бош вазирлигидан кетган Никола Стержен ижтимоий ҳаётнинг шафқатсизлиги ҳақида тўхталиб, ижтимоий тармоқларда даҳшатли зўравонликларга дуч келганини гапирган. Шу йилнинг январида Янги Зеландия бош вазирлигидан кетган Жасинда Ардерннинг истеъфосидан сўнг ҳам кўпчилик унинг ижтимоий тармоқларда тез-тез ва ҳаддан ортиқ зўравонликларга учраганини тилга олди.












