Жамият | 17:17 / 11.03.2023
8743
3 дақиқада ўқилади

Маданият ва туризм вазирлиги Германияда “Марказий Осиёдаги йилнинг энг яхши туризм вазирлиги” дея эътироф этилди

Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб ўтган “PATWA International Travel Awards 2023” йиллик тадбирида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги “Марказий Осиёдаги йилнинг энг яхши туризм вазирлиги” нуфузли мукофоти билан тақдирланди. Мукофотни Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов қабул қилди.

Фото: Маданият ва туризм вазирлиги

Таъкидлаш жоизки, "PATWA" ҳар йили дунёдаги энг йирик саёҳат ярмаркаси ҳисобланган "ITB Berlin" ("Internationale Tourismus-Börse Berlin") доирасида "PATWA International Travel Awards" тадбирини ташкил қилади. Тадбирда 7 мингдан ортиқ журналист, экспонент ва 180 мамлакатдан сайёҳлик соҳасидаги мутахассислар иштирок этди.

"PATWA International Travel Awards" мукофоти авиация, меҳмонхоналар, сайёҳлик агентликлари ва операторлари, сайёҳлик йўналишлари, давлат идоралари, вазирликлар, хизмат кўрсатувчи провайдерлар каби туризмни ривожлантиришда иштирок этган шахслар ва ташкилотларга берилади.

Тақдимот 7-9 март кунлари Германиянинг Берлин шаҳридаги “ITB Berlin” туризм кўргазмаси доирасида бўлиб ўтди. Мазкур кўргазма 1966 йилдан буён туризм бўйича дунёдаги етакчи савдо ярмаркаси ҳисобланади.

Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов бошчилигидаги делегация вазирлик мутасаддилари, “Миллий PR-маркази” ДУК, “Uzbekistan airways” АЖ, “Silk Road Samarkand” халқаро сайёҳлик маркази, Ўзбекистон сайёҳлик компаниялари ходимларидан иборат.

“ITB Berlin” туризм кўргазмасидаги Ўзбекистон стендида мамлакатимиз миллий анъаналари, урф-одат ва маросимлари маданий чиқишлар орқали намойиш этилди. Шу билан бирга, кўргазманинг биринчи кунидаёқ мамлакатимизнинг расмий вакиллари юртимиз туризм салоҳиятини хорижда кенг оммалаштириш ва туристлар оқими кўпайтириш юзасидан бизнес учрашувлар ўтказишди.

“BBC news” телеканали, Австралиянинг “Lonely Planet” нашрлар компанияси, Кореянинг “Surious Korea” саёҳат компанияси, Германиянинг “Travel Dudes.com” медиа компанияси ва “Amadeus” IT-компанияси, Туркманистоннинг “Pearl of Asia” саёҳат компанияси, Саудия Арабистонининг “Saudi International Travel Company” саёҳат компанияси, шунингдек, Ҳиндистоннинг “OTM” кўргазмаси ҳамда “Indian Railway Satering & Tourism Corporation Ltd” туризм корпорацияси вакиллари билан учрашувлар ташкил қилиниб, ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

"Ўзбекистонда бир неча бор бўлганман. Туризм инфратузилмаси, инвестиция борасида ҳам яхши ўзгаришларни кўряпман. Ўйлайманки, ҳозир мамлакат ўз инвестицияларини туризм соҳасига йўналтириши учун айни вақт, – деди CNN вакили Имрон Аҳмад. – Биз Ўзбекистон туризм соҳаси вакиллари билан музокаралар олиб бордик. Бугунга келиб Тошкент ва Самарқанд каби шаҳарлардаги меҳмонхоналар хорижий сайёҳларни жалб қилишга тайёр. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон халқаро сайёҳлик учун энг яхши ривожланган туризм инфратузилмасига эга".

Сардор Раҳмонқулов
Тайёрлаган Сардор Раҳмонқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид