Шу вақтнинг ўзида мутахассислар ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган «ҳаво – ҳаво» синфидаги ракеталарни Украинанинг совет даврида ишлаб чиқарилган қирувчи учоқларга ўрнатиш имкониятини ўрганишмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар қўшимча ўт очиш қувватлари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаага эҳтиёж сезаётган Киевнинг F-16 қирувчи самолётлари борасидаги муаммосини ёпиши мумкин.

Politico нашри АҚШ мудофаа вазирлигининг номи ошкор қилинмаётган икки мулозими, шунингдек Украина бўйича муҳокамада иштирок этаётган яна бир манба сўзларини келтирмоқда. Америка ва украин ҳарбийлари айни вақтда Украина ҳарбий ҳаво кучларига тегишли «МиГ» ҳарбий қирувчи самолётларига «ҳаво – ҳаво» синфидаги ўрта масофага ҳаракатланувчи AIM-120 ракеталарини қандай ўрнатиш устида бош қотиришмоқда. Бу ракеталар ғарбнинг F-16 каби самолётларидан учиришга мўлжалланган.

Интеграция жараёни муаммоларга тўла, чунки ракета нафақат жисмонан самолётга ўрнатилиши, шунингдек унинг радари билан «сўзлашиши» ҳам талаб этилади. Ўт очиш учун аввалига самолёт радари ракетага нишонни кўрсатади, сўнг ракетанинг ўзи нишонни топиб олгунга қадар уни йўналтириб туради.

«Асосий муаммо шундаки, американча ва совет тизимлари шу қадар фарқлики, ракета ва самолёт бир бирининг тилини тушунмаяпти», дейилади мақолада.

Агар муваффақиятга эришилса, бу АҚШ томонидан Украина самолётларига «ҳаво – ҳаво» типидаги ракеталардан фойдаланиш имконини тақдим этган илк ҳолат бўлади. Айни пайтда Украина қуролли кучларида ғарб давлатлари томонидан етказиб берилган, хорижда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали учириладиган айрим ракеталар бор. Бундан ташқари, Украина армияси ихтиёрида «ҳаво – ер» синфидаги AGM-88B ракеталари ҳам борки, улар билан ерда жойлашган нишонларни бемалол уриш мумкин.

Словакия мудофаа вазири Ярослав Над аввалроқ ўз мамлакати Украинага ўнта «МиГ-29» қирувчи самолётларини етказиб беришга тайёрлиги, Нидерландия ташқи ишлар вазири Вопке эса вазирлар маҳкамаси F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш имкониятини ўрганиб чиқишини айтган эди.

Айни пайтда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари миллий гвардиясининг Аризонадаги ҳарбий базасида украин пилотларининг турли ҳарбий самолётлар, жумладан F-16 самолётини бошқариш учун қанча вақт талаб қилиниши бўйича маҳоратлари синовдан ўтказилмоқда. Ўтган ҳафтада АҚШнинг олий мартабали генераллари украин ҳарбийларини биргаликдаги қўшма машқлар ўтказилган Германияда қабул қилишган. Улар урушнинг кейинги босқичига тайёрланишмоқда.