Ҳиндистоннинг Уттаракханд штати, Бадлани қишлоғида жойлашган 438-мотоўқчилар полкида «Дўстлик-2023» ўзбек-ҳинд қўшма тактик-ўқув машғулотлари якунланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ҳамкорликдаги ўқув машғулотларининг якуний қисмида иштирокчилар томонидан икки ҳафта давомида ўзлаштирилган жанговар тайёргарлик машғулотларининг намойиши ташкил этилган. Унда икки мамлакат ҳарбий хизматчилари қўлбола усулларда портлатиш, сигнал берувчи воситаларни турли жойларга ўрнатиш, тоғ тайёргарлиги машғулоти, қояларда ҳар хил усулларда тушиш ва чиқиш, сунъий тоғ тўсиқли йўлагидан ўтиш, қўл жанги элементларини қўллаш, ўрмонзор ва тоғли жойларда ҳамда ёпиқ иншоотларда ўқ отиш машғулотларини ўтказишни амалда кўрсатиб берган.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ҳиндистонликлар томонидан ўқув тренажёрлари, квадракоптерлар, тунги ва кундузги кузатиш ва масофа ўлчаш мосламалари, қуролли босқинчини қуролсизлантиришга ўргатилган хизмат итлари, шунингдек парвоздаги дронни уриб туширишга ўргатилган бургутларнинг хатти-ҳаракати намойиш этилган.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, тунги вақтда, кўриш даражаси ўта паст вазиятда шартли террористик кучлар жойлашган лагерга ҳужум уюштириш бўйича «Чақмоқ» операцияси ўтказилган.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбий ҳамкорлиги доирасидаги ўқув машғулотлари тўртинчи марта ўтказилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати