Келиб чиқишига кўра вьетнамлик бўлган Ке Ҳюи Куан болалигидаёқ Ҳолливудни забт этганди, аммо кейинги ўн йилликларда саҳналардан ғойиб бўлганди. Бир неча йил олдин эса орзусини амалга ошириш учун қайтишга ва яна актёр бўлишга қарор қилди. BBC мухбири Иэн Янгс у ҳақида ҳикоя қилади.

Ке Ҳюи Куан болалигида 1980-йилларнинг машҳур блокбастерлари – «Тентаквойлар» (The Goonies) ва «Индиана Жонс ва Тақдир ибодатхонаси» (Indiana Jones and the Temple of Doom) фильмларида рол ижро этади, аммо кейин экранлардан ғойиб бўлади. У Ҳолливудга кераксиз бўлиб қолганидан кейин актёрликдан воз кечганди. Энди эса ғалаба билан қайтди ва дарҳол иккинчи пландаги энг яхши эркак актёр учун «Оскар» мукофотини қўлга киритди.

«Айтишларича, бундай ҳодисалар фақат кинода бўларди. Бу мен билан рўй берганига ишона олмаяпман. Бу америкача орзу», дея кўзда ёш билан гапирди Куан мукофотни топшириш маросимида.

У 1970-йилларда етти ёшлигида оиласи билан фуқаролар уруши гирдобидаги Вьетнамни тарк этади. У отаси билан Ҳонгконгга, онаси бошқа уч фарзанд билан – Малайзияга бориб қолади.

Куан «Индиана Жонс ва Тақдир ибодатхонаси» филмида Ҳаррисон Форд билан бирга суратга тушганди

Кейинчалик оила яна бирлашади, 1979 йилда АҚШга эммиграция бўлади, 1984 йилда 12 ёшидалигида Куан тасодифан «Индиана Жонс ва Тақдир ибодатхонаси» фильмидаги Пакана киссавур роли учун синовга бориб қолади.

Кейинги йил эса у «Тентаквойлар»да гаджетлар ишқибози Дата ролини ўйнайди.

Аммо у ўсмирликдан йигитликка қадам қўйгани сари роллари камайиб боради, якунда турли филмларда каскадёрлар бўйича координатор ва режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлайди.

2018 йилда прокатга чиққан «Ўта бадавлат осиёликлар» (Crazy Rich Asians) фильмидан кейин Куан 50 ёшида яна ўз омадини синаб кўришга ва саҳнага қайтишга қарор қилади.

«Тентаквойлар» ҳозиргача болалар киноси классикаси ҳисобланади. Фото: ALAMY