Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидан ўтган ерусти метросининг 5-бекати олдидаги қатор чинор дарахтлари кесиб ташланаётгани юзасидан Kun.uzʼга мурожаат келиб тушди. Мурожаатда айтилишича, масъуллар маҳаллий аҳолига метро қурилаётгани сабаб бу дарахтлар кесилаётганини маълум қилган.

«Дарахтлар турган жойни тендер орқали сотиб олишган экан, шунинг учун таг-туги билан кесиб олиб кетишаётган экан. Бунинг учун Тошкент шаҳар экология бошқармаси (ҳозирги Тошкент шаҳар табиат ресурслари бошқармаси) рухсат берган эмиш.

Ҳозир кесиб, транспортларга ортиб кетишяпти. Бу бўйича ҳокимиятга мурожаат қилсак, метрога халал бергани учун олиб ташлашаётган экан. Лекин метро ўтиши учун бу ерда ортиқча жойлар бор, дарахтларнинг умуман зарари тегмайди», дейилади мурожаатда.

Kun.uz ҳолат юзасидан Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов билан боғланди. Унга кўра, бу кўп йиллик дарахтлар жойлашган ҳудудда Чилонзор ҳамда Дўстлик метро линиясини боғловчи станция барпо қилинади, шу сабабли 22 туп чинор дарахтининг шохлари кесилиб, уларни бошқа жойга кўчириш ишлари кетмоқда. Унинг айтишича, дарахтларни кўчириш бўйича тегишли ташкилотларга рухсат берилган, вазият назорат остида.

«Бу ҳудуд метро лойиҳасига тушиб қолган, лойиҳадан ташқари битта новда ҳам кесилаётгани йўқ. Максимал даражада метро атрофидаги бир қатор дарахтлар сақлаб қолинмоқда. Ўша вақтларда бу дарахтларни ҳам (кўчиришни) сўрашганди. Энди ҳозир иложи йўқлиги учун 22 туп дарахтни кўчиряпмиз. Бу жараёнда ҳаммасини ўзимиз назорат қилиб боряпмиз, ҳудудга ҳамма мутахассислар чиқиб турибди. Дарахтлар кўчириб ўтказилгач 3 йил давомида парваришланади», деди у.

Бундан ташқари, Деҳқонов нима сабаб дарахтлар бу тарзда каллакланаётганига ҳам изоҳ берди.

«Бу чинорлар кўп йиллик катта дарахтлар ҳисобланади, шу ҳудуднинг ўзида ўсган. Дейлик кун давомида бу дарахтлар 100 литр сувга эҳтиёжи бўлгани, танасининг юқори қисмларига ҳам етиб бориши учун шунча миқдорда сув ичади. Лекин уларни бошқа жойга кўчиргандан кейин патак, майда илдизлари узилади, шу вақтда 100 литрни торта олмай қолади. Ўзига кераклича сувни тортиб олиши учун ҳам тепасидаги шохлари кесиб ташланяпти. Яъни бу жараёнда харажатларини камайтириш керак, бизда шундай услуб бор. Энди бу дарахтлар думалоқ шаклда ёнларидан бачки беради. Бу тарзда кесилган дарахтлар думалоқ бўлиб, сада бўлади. Ëнидан яхши шох бериб, тепага қараб ўсиб кетаверади»,