Жаҳон | 13:20 / 17.03.2023
8293
3 дақиқада ўқилади

Киев яқинида ёниб кетган «Мрия» самолёти Германияга эвакуация қилиниши керак бўлган

Дунёдаги энг катта Ан-225 транспорт самолёти Россия босқинидан олдин Германияга олиб кетилиши режалаштирилган эди. Ҳаммаси парвозга тайёр бўлган, бироқ Украина расмийлари бунга рухсат бермаган, дея хабар қилди Bild.

Фото: Genya Savilov/AFP/Getty Images

Германиянинг Bild газетаси чоршанба, 16 март куни хабар беришича, дунёдаги энг йирик транспорт самолёти, Украинадаги уруш бошида Ҳостомел аэропортида Россия қўшинлари томонидан йўқ қилинган Украинанинг Ан-225 - «Мрия» босқиндан олдин Германияга эвакуация қилиниши керак эди.

Нашрнинг ёзишича, «Мрия»ни афсонавий самолётнинг иккинчи уйига айланган «Лейпциг/Ҳалле» аэропортига олиб бориш режалаштирилган эди – лайнер 2008 йилдан буён у ерга 32 марта қўнган. «Уруш бошланишидан олдин кечқурун экипаж ва учувчилар тўлиқ ёнилғи билан тўлдирилган юк самолётига чиқишди, аммо капитан Дмитрий Антоновнинг сўзларига кўра, уларга топ-менежерлар кўрсатмаси бўйича учишга рухсат берилмаган», дейилади мақолада. 

Bild нашрининг ёзишича, «Лейпциг/Ҳалле» аэропорти уруш бошланишидан бир ой олдин «Мрия»ни қутқариш учун зарур бўлган ҳамма нарсани тайёрлаган. «Антонов» концернининг барча самолётлари учун тўхташ жойлари 26 январдан бошлаб ажратилган. Аэропорт матбуот котиби Уве Шуҳарт Ан-225 самолётлари ва кичик Ан-124 самолётларининг Германияга кўчирилиши 25 февралга белгиланганини тасдиқлади. «Бу 21 февралда тасдиқланди. Бу борадаги музокаралар бир неча ҳафта давом этган», - дея қўшимча қилди у. 

«Мрия» самолёти Россиянинг Украинага бостириб кириши бошида - ўтган йилнинг 27 февралида Россиянинг Ҳостомел аэропортига ҳужуми пайтида йўқ қилинган. Кейинчалик Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») «Антонов» давлат корхонасининг баъзи ходимлари узоқ вақт давомида Украина армиясига аэропортни ҳавода ва ерда ҳимоя қилишни ташкил қилишига тўсқинлик қилганини билдирди, бу эса «Мрия» йўқ қилинишига олиб келган. 

Шу йилнинг март ойида Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари «Антонов»нинг собиқ раҳбари Сергей Бичков ва унинг ўринбосари Михаил Харченкони ҳибсга олди. Иш бўйича учинчи айбланувчи, авиация хавфсизлиги бўлимининг собиқ раҳбари Александр Нетесов қидирувга берилган. 

Учаласи ҳам Украина Қуролли кучларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганликда гумонланмоқда (Украина Жиноят кодексининг 114-1-моддаси 2-қисми). Уларнинг ҳар бири 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 

Мавзуга оид