1972 йил 16 май. Болтиқбўйидаги дам олиш масканлари билан машҳур бўлган Светлогорск шаҳридаги боғчалардан бири. Тарбиячилар боғча болаларини сайр қилдириб бўлгач ошхона томон бошлашади.

Болалар овқатланишга ўтирган пайтда аввалига боғча биносининг тепасида самолётнинг жуда баланд овози эшитилади. Сўнг боғча биносига нимадир келиб урилади ва кучли ёнғин бошланади.

Ўшанда совет армияси ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли Ан-24 самолёти боғча биносига келиб урилади ва портлаб ёниб кетади. Оқибатда боғча ошпази, йигирмадан ортиқ бола ҳалок бўлади. Икки нафар тарбиячи эса кейинроқ шифохонада вафот этади.

Ҳодисадан аввал

Калининград вилоятида жойлашган Светлогорск шаҳри Болтиқ денгизи бўйида жойлашган бўлиб, ўзининг курортлари билан машҳур эди.

Иккинчи жаҳон урушигача Германиянинг Шарқий Пруссия вилояти таркибида бўлган бу шаҳар 1947 йилгача Раушен деб аталган. Советлар томонидан Кинсберг шаҳрининг номи Калининград деб ўзгартирилгач, Раушенга ҳам Светлогорск деб ном берилади.

1970-йиллар бошида шаҳар аҳолиси 7-8 минг кишидан ошиқроқ эди. Аҳолининг асосий қисми шаҳарга дам олишга келадиган одамларга хизмат кўрсатиш билан банд бўлади.

Ҳалокат

1972 йил 16 март куни Болтиқ флоти ҳарбий ҳаво кучлари бош қўмондони буйруғи билан Ан-24 ҳарбий самолётининг бир нечта парвози тасдиқланади.

Унга кўра самолёт Храброво шаҳри аэропортидан парвоз қилиб Зеленогорск ва Коса шаҳарлари ҳамда Чкаловск қўрғонидаги аэродромларга қўниши, охирида яна Храброво аэропортига қайтиб келиши керак эди.

Самолёт маҳаллий вақт билан соат 12:15 да Храброво аэропортидан Болтиқ денгизи томон парвоз қилади. Режа бўйича Ан-24 денгиз сатҳидан 500 метр баландликда учиши керак эди. Бироқ негадир самолёт денгиз тепасига етгунча қуруқлик устидан 50 метр баландликда парвоз қила бошлайди.

Баъзи манбаларга кўра ўшанда экипаж командири туманли об-ҳавода янглишиб кетади. Бошқаларида эса Ан-24 баландликни кўрсатувчи ускуналари носоз бўлгани айтилади.

Ан-24 денгиз томон бурилиб, Зеленоград томон йўналиш олади. Шу пайтда самолёт диспетчерларнинг кузатув экранидан ғойиб бўлади. Экипаж билан алоқа узилади. Самолёт ҳалокатга учраган эди.