Жамият | 08:28 / 19.03.2023
21657
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд ва Фарғонада ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилди

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Пайариқ тумани ва Марғилон шаҳрида ер сотиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга чек қўйди. Бу ҳақда департамент ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.С. ва бошқалар Пайариқ туманидаги «Ў.Б.» фермер хўжалигининг 0,70 гектар ер майдонини иссиқхона қуриш учун фуқаро С.И.га ажратиб, ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 4 500 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Марғилон шаҳрида ўтказилган текширувда «И.Ф.» АЖ буюм бозори назоратчиси А.Ш. ва фуқаро С.С. тадбиркор Х.И.га ушбу буюм бозори ҳудудидан савдо нуқтаси учун ер майдони ажратиб, ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 25 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланиб, ушбу пулларни тўлиқ қайтарганлиги просессуал тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид