Корхона бошқармаси ва Уран ишлаб чиқариш заводи ишчи-ходимлари иштирокида ташкил этилган байрамона тадбир жамоа аҳлига баҳорий кайфият улашди. Бошқармада айёмни муносиб нишонлаш учун катта тайёргарлик кўрилди. Корхона ҳудудида кенг кўламдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.  

Байрамга ташриф буюрган корхона раҳбари Жаҳонгир Ҳасанов тадбир қатнашчиларини байрам билан табриклади. 

“Фарҳод” маданият саройининг бадиий жамоалари ва хонандалари томонидан ижро этилган баҳор, ёшлик ва Наврўзни мадҳ этувчи куй-қўшиқ ва рақслар ҳамда фольклор гуруҳининг чиқишлари барчага бирдек қувонч улашди. 

Байрам муносабати билан бошқарма бўлимлари ва Уран ишлаб чиқариш заводи ишчи-ходимлари ўртасида стол тенниси бўйича мусобақа ҳам ташкил этилди. 

Зафарободда катта байрам сайли 

“Навоийуран” давлат корхонасининг асосий бўлинмаси жойлашган Зафаробод қўрғонида ҳам байрам нишонланди. Корхона янги тузилма сифатида жорий йилда ўзининг иккинчи баҳорини қарши олди. Ўтган йилги анъанани давом эттирган ҳолда бу йил ҳам Наврўз байрамини корхонанинг кўп минг сонли жамоаси, қолаверса, Зафаробод қўрғони аҳли катта байрам сайли кўринишида нишонлашди. Байрам сайиллари корхонанинг Навоий, Зафаробод, Учқудуқ, Нуробод майдонлари меҳнат жамоаси томонидан тайёрланди.  

Хусусан, байрам сайлида миллий ҳунармандчилик ва пазандачилик павильонлари, ярмаркалар, шунингдек, гала-концерт, дорбозлар ўйини, миллий спорт ўйинлари ташкил этилди. Корхона бўлинмалари ўртасида турли хил танловлар ўтказилди. Тадбирга таниқли хонандалар, жамоат арбоблари таклиф этилди.

Баҳор элчиси, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни ўзида мужассам этган байрам олдидан “Навоийуран” давлат корхонаси томонидан катта тайёргарлик ишлари олиб борилди. 

Байрам дастуридан ўрин олган мушоиралар, турли мусобақалар, кўргазмали чиқишлар йиғилганларга ҳам, танлов ҳакамлар ҳайъатига ҳам бирдек манзур бўлди.