Қарийб 20 йил ичида илк бор мухолифатнинг бир қанча вакиллари сайловда (мустақил номзод сифатида) қатнаша олгани туфайли ЕХҲТ экспертлари буни демократия сари қадам сифатида баҳолашди, аммо демократик ислоҳотларни давом эттириш зарурлигини ҳам таъкидлашмоқда.

«Аввалги тавсиялар асосида сайловчиларга кўпроқ танлов бериш учун қонунчилик базасига баъзи ўзгартиришлар киритилди», дейилади кузатувчилар ҳисоботида, «Бироқ, [эркин] демократик сайловлар ўтказиш учун етарли асос яратиш учун яна ислоҳотлар зарур».

Қозоғистон 1991 йилда мустақилликка эришганидан бери Ғарб кузатувчилари бу мамлакатда ўтказилган бирорта сайловни эркин деб тан олмаган.

Мамлакатдаги журналистлар ва сиёсатшунослар бу сафар ҳам ҳеч қандай туб ўзгаришлар юз бермагани ва Қозоғистон расмийлари «эркин сайловларни тақлид қилишдек одатдаги амалиётини давом эттираётгани, бу сафар сайлов ислоҳотини “тутун пардаси” сифатида ишлатаётгани»ни таъкидламоқда.

Қулай кўпчилик

Бу Қозоғистонда президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг кенг кўламли сайлов ислоҳотидан кейин янги қоидалар бўйича ўтказилган биринчи сайлов бўлди.

Янги сайлов тизими либералроқ деб таърифланган, бироқ қонун қуйи палатадаги ўринларнинг учдан икки қисми ҳозирда президентни қўллаб-қувватловчи еттита расмий сиёсий партия ўртасида тақсимланишини кафолатлайди.

Фото: EPA

Расмий равишда Тўқаев мамлакат бошқарувига 2019 йил март ойида, постсовет даврининг доимий етакчиси Нурсултон Назарбоев президентликдан ихтиёрий равишда истеъфога чиққанидан сўнг келди. Бироқ амалда ҳокимият янги президент қўлига 2022 йил январида, Назарбоевнинг сиёсатдан бутунлай кетишини талаб қилган оммавий норозилик намойишларидан сўнг ўтди.

Сўнгги бир йил ичида Тўқаев ҳукмрон элитада сезиларли ўзгаришларни амалга оширишга муваффақ бўлди, кўплаб раҳбарлик лавозимларида ўзидан олдингиларни алмаштирди, бу эса янги президент позициясини анча мустаҳкамлади.

Бироқ парламент қуйи палатасининг ҳозирги таркиби Назарбоев кенг ваколатларга эга бўлган ва ҳукмрон партияни бошқарган пайтда сайланган эди, шу боис Тўқаев 2026 йилгача кутмасликка қарор қилди ва мамлакатда муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини эълон қилди.