“Aввало, Тожикистон Республикаси ва Нидерландия Қироллиги ҳукуматлари ҳамда БМТнинг барча тузилмаларига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2023 йилги Сув конференциясини биргаликда ўтказаётгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман. 2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барча инсонлар учун яхшироқ келажак қуриш мақсадида 17 та Барқарор ривожланиш мақсадларини қабул қилди. Ўзбекистон ушбу мақсадларга эришиш йўлида қатъий содиқ қолади ҳамда минтақани жонлантириш, Орол денгизи суви ва экотизимларини сақлаш ташаббусини илгари сурди.
2017 йилда БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерриш Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига ташриф буюрган эди. “Орол фожиаси замонамизнинг энг йирик экологик ҳалокати, инсон сайёрани қандай вайрон қилишига мисолдир”, деган эди у. Бир пайтлар Мўйноқ тумани ўн икки республикага балиқ маҳсулотлари етказиб бериш бўйича тўртинчи ўринни эгаллаган обод порт шаҳри бўлган. У ерда консерва заводи, гуллаб-яшнаган боғлар бор эди, одамларнинг соғлом фарзандлари, эртанги кунидан умидлари бор эди. Кейин ҳамма нарса ўзгарди. Одамлар мувозанатни бузди. Энди унинг ўлик қирғоғида кемалар қабристони бор. Шу ўринда таниқли шоир Иброҳим Юсуповнинг элегиясидан бир парча ўқиб берсам:
Таўлар шөгип, жерге кирмеген шығар,
Жулдызлар ҳәм бирден сөнбеген шығар.
Дүнья ҳеш ўақта-да көрмеген шығар:
Бир майданда теңиз қурып қалғанын..
Шеърда денгизнинг кўз очиб юмгунча саҳрога айланиши фожиаси тасвирланган. Қорақалпоғистонда ҳамон денгизни эслаб одамни ёд олиб йиғлаган каби фарёд чекадилар. Сувга мўл денгиз фақат Нукус музейида осилган рассомларнинг ярқираб, жилваланиб, ҳаёт ва эркинлик бахш этувчи расмларида қолган. У қуриб битгандагина одамлар унинг қадрига етди. Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатмадир. Бироқ, ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли у яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда. Мамлакатимиз Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида изчил саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда”, деди Саида Мирзиёева.
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этган. Резолюция 2021 йилда 60 давлат томонидан бир овоздан қабул қилинган.
Қайд этилишича, 2018 йилда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил этилди. Бугунги кунда унинг молиялаштирилиши эвазига умумий қиймати 14 миллион доллардан ортиқ бўлган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Орол денгизининг қуриган тубини боғга айлантиришни ўз олдига улкан мақсад қилиб қўйган ва ҳозирда қарийб бир ярим миллион гектар майдон кўкаламзорлаштирилган. Давлат экологик ҳалокатга қарши курашда вақт қадрини чуқур англагани боис бу вазифа тезкор равишда амалга оширилмоқда.
















