Сурхондарё Ўзбекистоннинг 3 та давлат (Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон) билан чегарадош вилоятидир. Ўзбекистоннинг Афғонистон билан 143 кмли умумий чегарасида ягона – “Айритом” чегара божхона пости фаолият кўрсатади. Kun.uz республика жанубидаги ушбу постдан фуқаролар икки давлатга қайси мақсадларда кириб чиқаётгани, чегараларда уларга қўйилаётган талаблар бўйича афғонистонликлар ва ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.  

 

Ягона чегара пости

Термиз шаҳридан 15 км, икки давлат чегарасидан эса 700 метр масофада жойлашган “Айритом” чегара божхона пости 1991 йил 26 октябрда ташкил этилган. 2021 йилнинг июн ойидан эса рақамли технологиялар асосида янгидан фаолиятини бошлаган эди. Ўзбекистонни Жанубий Осиё билан боғловчи ягона ўтказув пунктида поезд, автотранспорт ва фуқароларга хизмат кўрсатилади.

Виза режими

Айни пайтда чегара постидан ҳар икки давлатга фуқаролар виза режими асосида ўтиб қайтишмоқда. Ҳозирда фақат бизнес мақсадида ва Ўзбекистонда яшаш учун узоқ муддатли визаси бор афғонистонлик фуқаролар чегарадан ўтишлари мумкин. Ўзбекистон орқали бошқа давлатларга ва Афғонистон орқали Эрон ёки Жанубий Осиё давлатларига транзит ўтиш ёки сайёҳликни мақсад қилганлар учун ҳозирда ҳар икки давлат фуқароларига чегарадан ўтишга рухсат йўқ.

Чегарадан ўтишдан мақсад...

“Айритом” постида чегарадан ўтиб-қайтаётган афғонистонликлар билан суҳбатлашдик.

Асадулло Эшонзода:

—  Ўзбекистонга 30 йилдан бери ўтиб қайтаман. Бизнес билан шуғулланамиз. Ўзбекистондан Афғонистонга ёғ, ун, буғдой олиб кетамиз. Илгари турист визаси бор эди. 40-50 киши ортидан навбатга туриб, узоқ кутардик. Ҳозир одам кам, 1-2 дақиқада постдан ўтиб оляпмиз. Бемалол бўлиб қолган. Энди Ўзбекистонда 2-3 ой бўламиз. Тошкентда турамиз. Бухородаги заводга буғдой олиб борамиз. Уни завод тегирмонидан чиқариб, унини Афғонистонга юк уловлари ёки вагонларда олиб кетамиз. Афғонистондан эса ҳеч нарса олиб келмайман. Лекин бошқалар мандарин, картошка олиб келишади у ёқдан.