Соғлом ҳаёт тарзи, соғлом овқатланиш жумлалари кўпчилик учун қизиқ бўлмай қолган. Эҳтимол бу бирикмалар айнан нимани англатишини билишмагани ёки амал қилишга кучлари етмагани учун ҳам унга ишонишмас.
Кексайишга қарши 5 одат
Лекин Ҳарвард университети олимларининг соғлом ҳаётнинг инсон умрини узайтириши мумкинлиги тадқиқоти натижаси ҳайратланарли. Олимларнинг аниқлашича, соғлом овқатланиш, мунтазам равишда жисмоний машқлар бажариш, доимий соғлом тана вазнини сақлаш, спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилмаслик ва чекмаслик орқали ҳаёт давомийлигини 10 йил ёки ундан кўпроққа узайтириш мумкин. Хўш, бу қандай исботланди?
Тадқиқотчилар, энг соғлом турмуш тарзига риоя қилган ва қилмаган америкалик аёл ва эркакларни таққослаш учун танлаб олишди. Унга кўра, тахминан 30 йил давомида соғлом ҳаёт кечирганларнинг юрак-қон томир касалликларидан ўлиш эҳтимоли палапартиш турмуш кечирганларга қараганда 82 фоиз, саратонга чалиниши эса 65 фоизга камроқ бўлган.
Шунингдек, юқорида саналган беш одатни доимий ҳаёт тарзига айлантирган аёллар бунга риоя қилмаганларга қараганда ўртача 14 йил узоқроқ яшаган, эркакларда эса бу кўрсаткич 12 йилга етган.
Тишларни ювишнинг қаришга таъсири

Ҳаёт тарзининг кичкина шаклларидан то муҳим фаолият турларигача ҳар қандай ҳаракатнинг қариш жараёнига таъсири борлиги бўйича халқаро тадқиқотлар кўп ўтказилади. Шулардан бири олим, “Ёшсизлик: қаримасдан қаришнинг янги илми” муаллифи Эндрю Стилнинг оғиз бўшлиғи тозалиги билан боғлиқ тадқиқотидир. Олимнинг айтишича, тишларни доимий ювиб туриш хотира сусайиши ва юрак қон-томир касалликларини сезиларли даражада қисқартиради. Қандай қилиб?
Оғизнинг нотўғри гигиенаси тишлар ва милкларнинг қонашига сабаб бўладиган бактериялар кўпайишига олиб келади. “Чунки оғиздаги шиллиқ парда оғиз бўшлиғини турли вирус ва касалликлардан ҳимоя қилиш вазифасини бажаради. Унинг яллиғланиши эса ёшга боғлиқ касалликлардан ҳимоя қиладиган иммун тизимининг кучсизланишига сабаб бўлади. Бошқача қилиб айтганда, сурункали яллиғланиш қаришни кучайтиради, аммо тишларни тиш пастасида ювиш орқали бу жараённи секинлаштиришингиз мумкин", дейди Стил.






















