Олий ўқув юртларида таълим жараёнининг хусусиятлари, шунингдек, университетларнинг жамият ва иқтисодиётдаги аҳамияти жадал ўзгариб бормоқда. Бутун дунёда университетлар талабалар, ўқитувчилар ва молиявий маблағларни жалб қилишда бир-бири билан рақобатлашмоқда. Бундай рақобатда замон билан ҳамнафас ва янги рақамли имкониятлардан фойдаланувчи олий ўқув юртлари бошқаларга нисбатан устунликка эга бўлиб бормоқда.

Рақамлаштириш таълим ва бошқарув учун янги имкониятлар яратиб, маълумотлар йиғиш ва таҳлил қилиш, ўзаро ҳамкорлик ва мулоқот қилишни осонлаштирди. Рақамлаштиришнинг афзалликлари самарадорликни ошириш, талабалар фаоллигини ошириш, шахсга қаратилган таълим ва янги ўқитиш усулларидан фойдаланишни ўз ичига олади. Бундан ташқари, рақамлаштириш университетларни, ўқув дастурларини, профессор-ўқитувчиларни, ходимларни ва ресурсларни бошқаришни осонлаштиради.

Рақамлаштиришнинг асосий афзалликларидан бири бу талабаларнинг фаоллигини ошириш имкониятларидир. Онлайн таълим платформалари, ижтимоий тармоқлар ва мобил иловалар каби рақамли воситалардан фойдаланган ҳолда университетлар ўқувчиларни мотивация ва йўлда ушлаб турадиган интерактив ҳамда қизиқарли таълим тажрибаларини яратиши мумкин. Шунингдек, рақамлаштириш университетларга ўйин ва виртуал ҳақиқат каби янги ўқитиш усулларидан фойдаланиш имконини беради. Бу усуллардан талабаларга мураккаб тушунчалар ва назарияларни тушунишни осонлаштирадиган интерактив таълим тажрибасини яратиш учун фойдаланиш мумкин.

Талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини ошириш, уларда зарур компетенцияларни шакллантириш орқали ишга жойлашиш кўрсаткичларини кўпайтириш ҳамда турли воситалар орқали маълумотларни етказиш ва тушунтириш усулларини қўллаган университетлар нуфузи ошиши ҳамда уларда мазкур имкониятлар орқали қўшимча фойда олиши учун шарт-шароитлар яратилиши орқали бошқаларга нисабатан устунлик шаклланади.

Мазкур йўналишда Тошкент давлат юридик университетида ҳам бир қатор ютуқларга эришилганликни кўрсатиб ўтиш мумкин. Хусусан, мамлакатимиз президентининг 2020 йил 29 апрелда “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланиб, улар қаторида «Электрон университет» (E-University) тизимини жорий этган ҳолда очиқ, шаффоф, субъективлик ва суиистеъмолчиликлардан холи бўлган таълим муҳитини яратиш вазифаси кўрсатилган. Шунга асосан, Тошкент давлат юридик университетида тизимли ишлар амалга оширилиб, бир қатор электрон тизимлар ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Жумладан, талабалар учун ҳар қандай масала юзасидан электрон мурожаат қилиш имконияти яратилди ҳамда ягона дарча тамойили асосида фаолият юритувчи махсус Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази жорий этилди, битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари ҳамда илмий раҳбарларни танлаш электрон тизими яратилди, тўлов-шартномасини электорон равишда олиш ҳамда тўловлар бўйича қарздорликни онлайн назорат қилиб бориш механизми ишга туширилди.