14:06 / 28.03.2023
5820

Тошкентда меҳмонхона хизматларини экосертификатлаш масалалари муҳокама қилинди

27 март куни Тошкентдаги “InterContinental Hotel” меҳмонхонасида меҳмонхона хизматларини экосертификатлашга доир халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати

Халқаро конференция Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган “Switch Asia” дастури, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги кўмагида “Марказий Осиёда барқарор туризм учун модел: салоҳиятни яратиш, хабардорликни ошириш, технологияларни жорий этиш” (MOST) лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Тадбирда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним иштирок этди.

Конференциянинг тантанали очилиш маросимида табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда туристик секторда яшил технологияларни қўллаш ва улардан фаол фойдаланишнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

“Бугунги кунда экологик барқарорлик рақобатбардошликнинг муҳим омили бўлиб бормоқда. Экологик хабардорликни ошириш, халқаро стандартларни жорий этиш, самарали экологик технологияларни қўллаш мамлакатда туристик тармоқни янада ривожлантиришнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ўзбекистон президенти Ш.М.Мирзиёев 2020 йил 28 сентябрдаги йиғилишда таъкидлаб ўтганидек, маҳсулотнинг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш учун миллий стандартларни халқаро талабларга мувофиқ даражага келтириш ва уларни корхоналарда жорий этиш муҳимдир. Агар маҳсулот халқаро стандартга мувофиқ бўлмаса, у ҳеч қачон рақобатбардош бўла олмайди”, – деди Азиз Абдухакимов.

Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ўз нутқида Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиёт бўйича миллий дастурининг муҳимлиги ва Европа Иттифоқининг барқарор “яшил” ривожланиш йўлида Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини таъкидлади.

ЕИ Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиёт бўйича миллий дастури қабул қилинишини ва 2030 йилгача “яшил” ривожланишни қўллаб-қувватлайди. Узоқ истиқболга мўлжалланган ушбу ҳужжат иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартириш, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган.

Ушбу мақсадларни муваффақиятли амалга ошириш учун ЕИ инклюзив, ўзаро мос ва барқарор ўсиш моделини яратиш ҳамда барқарор яшил ривожланишга интилиш устида Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликда бирга ишлашга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Маълумот учун: MOST лойиҳасининг умумий мақсади – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда барқарор туризмнинг янги ва мақбул структураланган моделини илгари суришдир.

Лойиҳанинг аниқ мақсадлари: барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол амалиётини жорий этишда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича тегишли билим ва воситаларни тақдим этиш орқали Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистондаги сайёҳлик ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, барқарор туризмни ривожлантириш, бу ҳақдаги хабардорликни ошириш ва истеъмолчиларнинг барқарор истеъмол тўғрисидаги хабардорлигини оширишга ёрдам берадиган сиёсатни режалаштириш ва амалга оширишда минтақавий ва маҳаллий ҳокимият органларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари, кичик ва ўрта корхоналар ҳамда барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол бўйича якуний фойдаланувчилар ўртасида мулоқотни кучайтириш ҳисобланади.

Top