Россия бюджет харажатларининг учдан бир қисмини махфийлаштирди
Bloomberg'нинг қайд этишича, ёпиқ харажатларнинг рекорд даражадаги юқори улуши Украинадаги уруш ва аннексия қилинган ҳудудларни сақлаб қолиш билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Россия 24 март ҳолатига кўра 2,4 триллион рублни ташкил этган бюджет харажатларининг учдан бир қисми ҳақидаги маълумотни ошкор қилмаяпти. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар кўпдир. Бу ҳақда 28 март, сешанба куни Bloomberg агентлиги Россия бюджет тизимининг ягона порталига таяниб хабар берди.
Bloomberg'нинг олдинги ҳисоб-китобларига кўра, бутун 2023 йил учун федерал бюджет лойиҳаси харажатларнинг чорак қисмини (6,6 триллион рубл) махфийлаштиришни ўз ичига олади. Махфий харажатларнинг рекорд даражадаги юқори улуши Украинадаги уруш билан боғлиқ харажатлар ошганидан далолат беради, дейди иқтисодчи Александра Суслина. Унинг фикрича, пулни ҳам урушга, ҳам аннексия қилинган ҳудудларни сақлаб қолиш учун ишлатиш мумкин.
24 март ҳолатига кўра, мудофаа харажатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кўпайиб, 531 миллиард рублга етди. Яна 379 миллиард рубл хавфсизлик мақсадларида сарфланган. Бу харажатлар ижтимоий дастурлардан кейин иккинчи ўринда туради. Шу билан бирга, таълим ва соғлиқни сақлашга харажатлар бироз ошди, иқтисодиёт ва ижтимоий дастурларга харажатлар ўзгармади.
2023 йил 22 февралда Россия Давлат думаси учинчи ўқишда расмий статистика маълумотларини эълон қилишни тўхтатиб туришга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Қабул қилинган тузатишлардан бири ҳукуматга Росстат статистикасидан фойдаланишни ўз хоҳишига кўра чеклаш имконини беради.
Мавзуга оид
01:17
Россияда ота-она қаровисиз қолган уч нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
23:30 / 26.11.2024
Кремл туғилиш кам бўлган ҳудудларнинг губернаторларини истеъфога чиқаришни бошлайди
21:56 / 26.11.2024
Россияда 174 минг нафар полициячи етишмаётгани маълум бўлди
21:25 / 25.11.2024