Пропагандачи Владимир Соловёвнинг навбатдаги шоусида Маргарита Симонян айни пайтда ғарб давлатлари томонидан музлатиб қўйилган 300 млрд доллардан зиёд пул эвазига Россия айни дамда босиб олган Украина ҳудудларини «сотиб олиш» ғоясини илгари сурди. Бу, албатта, ақлга сиғмайдиган иш. Ўзига тегишли бўлмаган пулга (буни Симоняннинг ўзи ҳам тан олди: «пулларни энди бизга ҳеч қачон қайтариб беришмайди барибир») ниманидир сотиб олишни таклиф қилишнинг ўзи асбурд. Буни Путин элитасининг яна бир коллектив телбалиги намунаси дейиш ҳам мумкин эди, лекин бу ҳолатда гап бошқа ерда, деб ёзади журналист, тарихчи, сиёсатшунослик фанлари номзоди Александр Желенин.

Россиянинг асосий давлат пропаганда телеканаллари раҳбари «махсус ҳарбий амалиёт» мавзусида давлатнинг энг асосий икки телеканалидан бирида ўзининг бевосита раҳбари Владимир Путиндан рухсат сўрамасдан, ҳеч қачон ўзича чурқ эта олмайди. Табиийки, ички аудитория учун бу ғоя «Россияда яшашни истаётган рус кишилари» ҳақида қайғураётган Симоняннинг шахсий ташаббуси сифатида сингдирилади. Аслида, бу Украинада бундай истиқболга қизиқиш билдирилиши мумкинлигини синаб кўриш мақсадида информацион «суяк итқитиш»дир. Табиийки, бу иш содир бўлмайди.

Биринчидан, 300 млрд доллар шундоқ ҳам Киевнинг чўнтагида. Иккинчидан, Украина ўз кучига, ўз ҳақиқатига ишонади. Унинг ҳақиқати оддий ва равшан: унга ҳужум қилишди, ўн минглаб фуқароларини ўлдиришди, юзлаб шаҳар, қишлоқ, саноат ва фуқаролик инфратузилма объектларини вайрон қилишди. Энди нима бўлади? Украинларнинг қони тўкилган бу тупроқлар шундоқ бериб юборилаверадими? Ниманинг эвазига? Шундоқ ҳам Украина иқтисодиёти ва инфратузилмасини тиклаш учун ишлатиладиган пуллар эвазигами?

Ватан учун жанг қилаётган Украина қуролли кучларининг юз минглаб аскарлари учун бундай қадам сотқинлик билан тенг бўларди. Табиийки, уларнинг бош қўмондони, бир йил озодлик уруши даврида миллий етакчиликнинг энг яхши сифатлари — қаттиққўлллик, қатъиятлилик, жасурликни намойиш этган президент Володимир Зеленский Украина армиясининг ҳал қилувчи қарши ҳужуми тайёрланаётган бир паллада шу нарсага рози бўлармиди? Асло!

Соловёв, Симонян, Скабеева кабиларнинг турли шоуларини ютоқиб томоша қиладиган Россия ТВ аудиторияси фикрлаб кўриши керакки, агар Россия нормал фаолият кўрсата оладиган ҳукуматга эга бўлганида 300 млрд долларлик улкан маблағ, бунга қўшимча ўнлаб триллион рубл ўлимлик пуллари Россия фуқароларининг фаровонлиги ва саломатлиги учун ишлатилган бўларди. Ўлим ва вайронгарчиликлар учун эмас. Бироқ, тарихдан кўплаб мисоллар кўрсатиб турибдики, ўртача одамлар учун энг равшан ва юзада турган хулосаларни ҳам ҳазм қилиш оғир кечади. Ақлдан оздирар даражадаги фитна назариялари, тумтарақай сценарийларга ишониш улар учун осонроқ.