Жаҳон | 11:57 / 31.03.2023
13245
2 дақиқада ўқилади

Москва Пхенянга қурол эвазига озиқ-овқат таклиф қилмоқда — АҚШ

КХДР бунгача ҳам Россияга Украинадаги урушни давом эттириши учун қуроллар ва ўқ-дори юборган.

АҚШ маълумотларига кўра, Россия Пхенянга расмий делегация юбориб, Украинада уруш олиб бориш учун зарур бўлган қурол-яроғ эвазига Шимолий Кореядаги режимга КХДР мунтазам равишда эҳтиёж сезадиган озиқ-овқат маҳсулотлари таклиф қилмоқчи.

Бу ҳақда Пентагон расмий вакили Жон Кирби маълум қилди, унинг сўзларига кўра, Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳар қандай келишув, жумладан қурол-яроғ бўйича келишув ҳам БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси бузилиши ҳисобланади.

АҚШ аввал ҳам КХДРни россиялик ҳарбийлар ва «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари учун қурол етказиб беришда айблаган, Пхенян эса айбловни қатъиян рад этганди.

Жон Кирби матбуот анжуманида маълум қилишича, энди АҚШда Москва ва Пхенян ўртасида тузилиши мумкин бўлган келишув ҳақида янги маълумотлар бор.

«Бизга маълум бўлишича, Россия Шимолий Кореяга делегация юбориб, уларга ўқ-дорилар эвазига озиқ-овқат таклиф этмоқчи», деган у.

Кирбининг сўзларига кўра, АҚШ воқеалар ривожи ва кутилаётган келишув жараёнини диққат билан кузатиб боради.

Аввалроқ, пайшанба куни АҚШ молия вазирлиги Москва ва Пхенян ўртасидаги музокараларда воситачилик қилган Словакия фуқароси Ашот Мкртичевни қора рўйхатга киритганди. Вазирлик вакилининг тасдиқлашича, Мкртичев аллақачон қатор келишувлар ва сотувларни ташкиллаштирган, натижада Шимолий Корея 2022 йил охири ва 2023 йил бошида Россияга валюта, фуқаролик самолётлари, товарлар ва хомашё эвазига қурол жўнатиш имконига эга бўлган.

Россия Ғарб томонидан киритилган қатъий санкциялар туфайли Украинадаги урушни давом эттиришга зарур бўлган бўлган қурол ва ўқ-дорилар етказиб бера оладиган томонларни қидиришга мажбур. Шу боис, Москва ўзига дўстона кайфиятда бўлган КХДР ва Эрон каби мамлакатларга ёрдам сўраб борган сари кўпроқ мурожаат қилмоқда.

Мавзуга оид