Саудиянинг нияти нима: АҚШдан реал узоқлашишми ёки келишувни янгилаш?
Олдинлари ковбойларда битта қилиқ бўлган. Қўлини пистолет устига олиб келиб, тайёрланиб туришган: сигнал бўлиши билан биринчи бўлиб душманини отишган ёки қўлини кўтариб ўйиндан чиқишган. Бу – психологик қўрқитиш воситаси бўлган. Саудия Арабистонининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига қизиқиши ҳам шу психологик ўйинни эслатади.
Ростдан ҳам Саудия ШҲТга аъзо бўлиб, бу лагерга ўтмоқчими, ёки Американи қўрқитиб, нархини ошириб, яна АҚШ иттифоқчилари сафида қолмоқчими – буни айтиш қийин.
Кейинги 80 йилда АҚШ-Саудия – барқарор иттифоқчилар эди. Баъзан инқирозлар бўлди. Бу муносабатларда жуда катта зиддият яширинган. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик жуда қалин. Геосиёсий алоқалар ҳам анча мустаҳкам эди. Лекин, бу давлатларнинг геомафкуравий қарашлари, бир-бирини қисман ёки кескин инкор қиларди. Американинг геомафкураси – либерализм. Саудияники – исломий консерватизм.
1945 йилда Абдулазиз ол-Сауд ва президент Рузвельт ўртасида Куинси кемасида тарихий келишувга эришилган эди: икки давлат иттифоқчи бўлади, АҚШ бу давлатнинг хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беради, ички ишларига аралашмайди, Саудия нефт билан таъминлайди, лекин Исроилга қўл кўтармайди.
Шу келишувни 2001 йилда Буш қайта кўриб чиқиш ниятида бўлди. Лекин қўлидан келмади. Афғонистон ва Ироқдан кейин, Саудия издан чиқса, АҚШнинг ўзи бутун мусулмон дунёси билан тўқнашишини тушунганди.
Мана энди, Саудиянинг ўзи АҚШдан узоқлашиш учун, сигнал беряпти. Савол – ростанми? Ёки, бу нархни ошириш воситасими? Саудия ростдан ҳам АҚШ орбитасидан чиқмоқчими?
Агар Саудия ўзининг иттифоқчи араб давлатлари билан, нефт ва газни долларда эмас, бошқа валюталарда сота бошласа, АҚШ иқтисодий қудрати емирила бошлайди. Дунёда ҳақиқатда кучлар нисбати ўзгариши, жиддий тезлашади. Саудия аллақачон минтақавий эмас, глобал ўйинчига айланиб бўлган. Саудия – Исроил ва бошқа кўплаб омиллар сабаб, АҚШдан норози. Лекин Хитойга уйғурлар борасида нимадир дея оладими?
Табиий, Саудия учун, АҚШ ва Хитой ўртасида шаклланадиган муносабатларда, аввало Ар-Риёднинг миллий манфаатларини қондириш биринчи ўринда туради. Жумладан, АҚШ томонидан валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонга бўлган босимларни жуда оғриқли қабул қилди.
Қолаверса, араб-мусулмон кўчасини норози қилиб келаётган катта масала – Исроил-Фаластин можароси ва бу можародаги АҚШнинг бир ёқлама сиёсати. Яқинда Саудия Арабистони Эрон билан ярашиб, Вашингтонга “мана, сиз бизни доим Эрон билан қўрқитасиз, биз эса Эрон билан ярашиб ҳам олдик!” деган мужда йўллади. Ярашувга Пекин воситачилик қилгани, АҚШга икки баравар ёқмади. Лекин Вашингтон бу норозиликни яширишга уринмоқда.
Бир сўз билан айтганда, дунё геосиёсатида Туркия президенти Эрдоған томонидан маҳорат билан ижро этилган “қудратли давлатлар билан муттасил савдолашиш ва қил устида геосиёсий дорвозлик кўрсатиш” санъати, энди Саудия ва бошқа давлатлар томонидан ҳам такрорланмоқда.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024