14:16 / 31.03.2023
6130

Хитойда саноат ўсиши даражаси секинлашди

Хитой иқтисодиёти расмийлар COVID-19 бўйича «нол тоқатлик» сиёсатидан воз кечганидан сўнг тикланишда давом этмоқда, аммо харидлар менежерлари индексининг март ойидаги маълумотларига кўра, унинг суръати секинлашди.

Фото: AP

Коронавирусга қарши қаттиқ чекловлар олиб ташланганидан кейин Хитой иқтисодиёти тикланишда давом этмоқда, бироқ унинг суръати секинлашди: март ойида саноат корхоналари соҳасида харид бўйича менежерлар индекси (PMI) 52,9 пунктдан 51,9 пунктга тушди. Бу маълумот 31 март, жума куни Хитой Халқ Республикаси Давлат статистика бошқармаси томонидан эълон қилинди. Мутахассислар янада сезиларли пасайишни прогноз қиляпти

«Хитойнинг ишлаб чиқариш сектори кетма-кет уч ой давомида кенгайиш оралиғида бўлди, бу мамлакат иқтисодиётининг барқарор тикланишидан далолат беради», - дея таъкидлайди Хитойнинг «Синхуа» ахборот агентлиги. 

Мамлакатда ишлаб чиқариш ва операцион фаолиятни ривожлантириш истиқболлари индекси 55,5 ни ташкил этди. 

Шу билан бирга, ишлаб чиқаришдан ташқари тармоқларда харид менежерлари индекси (PMI) март ойида феврал ойига нисбатан 1,9 пунктга ошиб, 58,2 пунктга етди. Хитойнинг ушбу соҳалардаги март PMI кўрсаткичи 2011 йил май ойидан бери энг юқориси бўлди. 

50 пунктдан юқори бўлган PMI кўрсаткичи саноатдаги ўсишни кўрсатади, 50 пунктдан паст кўрсаткичлар эса фаолиятнинг қисқаришини билдиради. 

2022 йилда Хитой иқтисодиёти COVID-19’га нисбатан «нол тоқатлик» сиёсати ва у билан боғлиқ қатъий чекловчи чораларнинг салбий оқибатларини ҳис қилди. Декабр ойида мамлакат ҳукумати бу сиёсатдан воз кечди. Натижада, 2023 йил январь ойида харид менежерлари индекси сезиларли ўсишни кўрсатди. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Хитой ялпи ички маҳсулоти 2023 йилда 5,2 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда. 

Top