Инсон дунёга келар экан, бошига турли синовлар тушиши табиий ҳол. Кимлардир ана шу синовларга бардош бера олмайди. Бошқалар эса сабр қилади ва роҳатини кўради.

Электрон почтамга мактуб йўллаган отахон ҳам бир пайтлар жуда оғир синовга дуч келиб сабр қилган инсонлардан бири экан.

«Оғир синовга дуч келганимда хаёлимга турфа ёмон ўйлар ҳам келган. Ҳатто ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлганман. Бироқ яхшилаб ўйлаб кўрсам, Худо берган жонни фақат унинг Ўзи олишга ҳақдор экан. Ўшанда жонимга қасд қилишим энг ёмон иш бўлишини англаб етдим ва барчасига сабр қилдим», дейди у мактубида.

Отахоннинг ёзишича, у совет даврида ҳарбий хизматни Афғонистонда ўтаган ва урушда қатнашган. Ўша ерда пиёдаларга қарши ишлатиладиган минага дуч келиб, ортидан тузалмас дард орттириб олган экан.

Ўшанда бепушт бўлиб қолгач севган аёли билан ажрашишга мажбур бўлган. Сўнг икки боласи билан тул қолган аёлга уйланиб, унинг фарзандларини тарбиялаган экан.

«1980 йилда ўрта мактабни тугатдим. Ўша пайтда ўзимдан бир ёш кичик маҳалладош қизни яхши кўрардим, бироқ бу кўз уриштиришдан нарига ўтмасди.

Биз томонларда қиз ва йигитнинг севишиб учрашиб юриши мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат саналарди. Шу сабабли яхши кўрган қизимга ҳатто уни севишимни ҳам айта олмасдим. Қолаверса, у даврларда ҳаё, ибо қизларда ҳам, йигитларда ҳам кучли эди.

Мактабни битирган йилим ҳарбий комиссариатга чақиришди. Тиббий текширувлардан ўтдим. Бақувват йигит эдим. Тўйларда кураш тушиб юрардим, соғлом деб топишди.

Бироз ўтиб ҳарбий хизматга жўнаш вақти келди. Ўша пайтда Афғон уруши бошланганига икки йил бўлган, аксарият йигитларни ўша ёққа жўнатишаётган эди.

Қишлоғимизга уруш қурбони бўлган йигитнинг темир тобути келган, шу сабабли ота-оналар боласини урушга олиб кетишларидан хавотир қилиб яшарди. Бундай хавотир ота-онамда ҳам бўлди.

Отам «одамини топиб» бир-икки сўм харажат қилиб бўлса ҳам мени Афғонистонга эмас, СССРнинг бошқа шаҳрига хизматга жўнатишга уриниб кўрмоқчи бўлди.

У аввал вазиятни билиш учун туман ҳарбий комиссариатига борган экан, у ердагилар «хавотир олманг, ўғлингизни Афғонга жўнатмаймиз» дейишибди.

Отам ҳарбий комиссариатдан хурсанд бўлиб келди. Уйга қўни-қўшни, қариндош-уруғ, барчани чақирди. Боқиб қўйилган қўчқорни сўйиб ош дамлаттирди. Бояқиш, «сўраб келдим, ўғлимни Афғонга жўнатмас экан», деб барчага мақтаниб чиқди. Ҳамма хурсанд эди.