Халқаро ҳаётдаги туб ўзгаришлар стратегик режалаштиришнинг асосий ҳужжатларига жиддий тузатиш киритишни талаб қилди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари билан учрашувда айтиб ўтди.
Россия раҳбарининг сўзларига кўра, бундай ҳужжатлар қаторида дипломатик фаолият тамойиллари, вазифалари ва устувор йўналишларини белгилаб берувчи Россия Федерациясининг Ташқи сиёсат концепцияси ҳам бор. «Ва бугун мен Россия Федерациясининг янгиланган Ташқи сиёсат концепциясини тасдиқловчи фармонни имзоладим», деди Путин.
Шундан сўнг, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров йиғилишда сўзга чиқиб, Ташқи сиёсат концепциясининг асосий қоидаларини айтиб ўтди.
Россия ТИВ раҳбари ҳужжат мантиғи ўзгарувчан геосиёсий воқеликни, аслида «махсус ҳарбий операция» бошланиши билан яққол тезлик олган ташқи контурдаги инқилобий ютуқларни акс эттиришини таъкидлади.
«Хусусан, сўнгги ўн йилликда халқаро кескинликнинг мисли кўрилмаган даражаси қайд этилган. Мамлакатимиз хавфсизлиги ва тараққиётига дўст бўлмаган давлатларнинг хатти-ҳаракатлари натижасида юзага келган таҳдидларнинг экзистенциал моҳияти эътироф этилган. Россияга қарши йўналишнинг асосий ташаббускори ва дирижёри тўғридан-тўғри Америка Қўшма Штатлари деб номланади ва умуман олганда, Ғарбнинг Россияни ҳар томонлама заифлаштиришга қаратилган сиёсати гибрид урушнинг янги тури сифатида тавсифланади», деди Лавров.
Унинг сўзларига кўра, Россия Федерациясининг янги Ташқи сиёсат концепциясида давлатларнинг полимарказлилиги ва суверен тенглигига эътибор қаратилган.
Ривожланиш салоҳиятини янги ўсиш марказлари фойдасига қайта тақсимлаш кўп қутбли дунё тартибини шакллантиришга олиб келади ва бу ҳозирги босқичда халқаро муносабатларнинг асосий тенденциясидир, деди вазир.
«Биз Концепцияда янада мувозанатли ва адолатли дунё тартиби тамойиллари ҳақидаги қарашларимизни белгилаб олдик. Улар орасига кўп марказлилик, давлатларнинг суверен тенглиги, уларнинг ривожланиш моделларини танлаш ҳуқуқини таъминлаш, дунёнинг маданий ва цивилизация хилма-хиллигини қўллаб-қувватлаш киради. Кўп қутбли дунё тартибини ўрнатишга кўмаклашиш ташқи сиёсатнинг барча йўналишлари учун асосий вазифаси сифатида белгиланди», деди Лавров.
Унинг сўзларига кўра, Концепцияда Россияга нисбатан нодўстона ҳаракатларга жавобан симметрик ва ассиметрик чоралар кўриш имконияти кўзда тутилган.















