Жаҳон | 08:06 / 03.04.2023
10115
2 дақиқада ўқилади

АҚШда торнадо қурбонлари сони 32 кишига етди

АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, 31 мартдан бери мамлакатда 80 дан ортиқ торнадо қайд этилган.

Фото: CNN

АҚШнинг жанубий ва ўрта-ғарбий штатларида кучли бўрон ва торнадо қурбонлари сони камида 32 кишига етди. Бу ҳақда 2 апрел, якшанба куни Reuters агентлиги хабар берди.

Мемфисда кучли шамол бир неча уйдаги дарахтларни қулатганидан сўнг икки бола ва бир катта ёшли фуқаро ўлик ҳолда топилди, дея хабар беради Теннесси полицияси. Макнейри округида яна икки штат фуқароси вафот этди. Шанба куни Теннесси штатида еттита ўлим ҳақида хабар берилган.

Индианада маҳаллий табиий ресурслар департаменти миллий боғдаги лагерда икки киши ҳалок бўлганини айтди. Аввалроқ Арканзас, Иллинойс, Делавер, Миссисипи ва Алабама штатларида бўрон билан боғлиқ яна 15 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Ўнлаб одамлар жароҳатланган, минглаб уйлар вайрон бўлган.

АҚШ президенти Жо Байден 2 апрел куни Арканзасда «катта фалокат» ҳақида эълон қилиб, федерал бюджетдан ёрдам учун маблағ ажратишни буюрди.

АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, 31 мартдан бери мамлакатда 80 дан ортиқ торнадо қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид