16:03 / 04.04.2023
4808

Россиялик журналистлар Эван Гершковични озод қилишга чақирди

Очиқ мактубда россиялик журналистлар ва жамоат арбоблари америкалик журналист Эван Гершковичга қўйилган айбловнинг мазмун-моҳияти ишончлилигига шубҳа билдирмоқда. 

Фото: ТАСС

4 апрел, сешанба куни Россия мустақил ОАВ журналистлари ва жамоат арбоблари Россияда ҳибсга олинган The Wall Street Journal газетасининг америкалик журналисти Эван Гершковични озод қилиш чақириғи билан очиқ хатни эълон қилишди.

Очиқ хат муаллифлари «ФСБ» томонидан Гершковичга қўйилган жосуслик айбловларини асоссиз деб ҳисоблади ва уларга ишонмаяпти: «ФСБ» даъво қилишича, Гершкович гўёки Қўшма Штатлар кўрсатмаси бўйича иш олиб борган ва корхоналардан бирининг фаолияти ҳақида давлат сири маълумотларини тўплаган. Бироқ, бу баёнот ҳеч нарса билан тасдиқланмайди - бизга давлат хавфсизлиги бўйича тергов баёнотини сўзсиз қабул қилиш таклиф этиляпти».

Журналистлар янги «жосуслик» иши ҳолатлари илгари давлатга хиёнатда айбланиб судланган журналист Иван Сафроновнинг иши билан ўхшашлигини таъкидламоқда. Очиқ хат муаллифларига кўра, Сафронов давлатга хиёнат қилгани учун эмас, балки журналистик фаолияти учун судланган. Журналистларга қарши очилган икки иш ўртасидаги бу ўхшашлик Эван Гершковичга қўйилган айбловларнинг ишончлилигига шубҳа уйғотади. Хатда, шунингдек, «Россияда ишлашда давом этиб, ўзини хавф остига қўяётган» хорижий мухбирлар қўллаб-қувватланиши билдирилган. 

Хатни имзолаганлар орасида Сергей Пархоменко, Александр Плюшчев, Жанна Немцова, Михаил Зигар, Галина Тимченко, Тихон Дзядко, Сергей Смирнов, Любов Собол ва бошқа мустақил ОАВ раҳбарлари ва журналистлари, шунингдек, жамоат арбоблари бор. 

АҚШ фуқароси Эван Гершкович 30 март куни Екатеринбургда қўлга олинди, сўнгра Москвадаги тергов изоляторига жўнатилди. Тергов маълумотларига кўра, у АҚШ буюртмаси бўйича ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бири ҳақида махфий маълумотлар тўплаган. Айблов тафсилотлари келтирилмаган. Бу америкалик журналистнинг 1986 йилдан бери Россияда биринчи ҳибсга олинишидир. 

Top