2 апрел куни Тошкентда кучли ёғингарчилик кузатилди. Ноқулай об-ҳаво шароити сабаб жойларда автомобиллар ҳаракати қийинлашди, туннеллар ва метро бекатларини сув босди. Авиарейслар парвози Тошкентдан Самарқандга кўчирилди. Қолаверса, айрим туман ҳудудларида электр токи ва табиий газ таъминоти билан ҳам муаммолар кузатилди.

Шунингдек, кучли ёмғир туфайли пойтахтнинг Яккасарой туманида тўрт қаватли уйнинг иккита балкони сувга тўлгани учун қулаб тушгани маълум қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу ҳолатни пойтахт кўчаларига ётқизилган лотоклар катта миқдордаги сув оқимини қабул қилишга мўлжалланмагани билан изоҳлади.

Қизиғи, ҳар ёғингарчилик вақтида у хоҳ енгил ёки кучли бўлсин, Тошкент кўчаларининг кўлмакка айланишига гувоҳ бўляпмиз. Муаммонинг такрорий юзага келиши ёмғирнинг кўп ёғиши ёки лотокларнинг ўзигагина эмас, балки тизим билан боғлиқ экани кўриниб қолмоқда. Олдинда бизни ҳафталик ёғингарчилик кутиб турибди, хўш, Тошкентни яна сув босадими? Унинг олдини қандай олиш керак? Муаммо нимада? Kun.uz айни шу мавзуда мутахассисларни суҳбатга тортди.

“Инқироз бўлмагунча ҳаракат бўлмайди”

Шаҳарсозлик бўйича халқаро мутахассис Темур Аҳмедовга кўра, ҳолатга бутун тизимдаги муаммоларни бартараф этиш учун киришилмас экан, бу каби вазиятларнинг содир бўлиши яна анча вақт давом этади.

“Тошкентни сув босиши давом этаверади, бунинг учун кўп ёмғир керак эмас. Лотокларнинг кичиги, каттаси, ҳовузлар, кўллар – буларнинг ҳаммаси бир вақтлар бутун бир тизим бўлган. Мана шу тизим бузилди, энди уни қайтадан ўйлаб, қаердан сув қаерга боришини, қаерда йиғилишини ишлаб чиқиш керак. Лекин ҳеч ким бунга тизим сифатида қараётгани, шаҳар ҳокимияти анчадан бери бу билан шуғулланаётгани йўқ. Шунинг учун озгина ёмғир бўлса ҳам муаммо юзага келмоқда.