Тошкент — «тош шаҳар»

Тошкент шаҳри Марказий Осиё давлатлари пойтахтлари орасида энг қадимийси бўлиб, унинг тарихи милодий I-II асрларга бориб тақалади. Бошкентнинг ҳозирги номи, яъни Тошкент номининг маъноси жуда мураккаб эмас.

Тошкент. 1957 йил

Машҳур туркийшунос Маҳмуд Қошғарийнинг айтишича, бу ном туркийча «таш/тош» ва сўғдча «кент» – «қўрғон», «шаҳар» сўзларидан ташкил топган бўлиб, «тош қўрғон» ёхуд «тош шаҳар» маъносини билдиради.

Бироқ Тошкентнинг энг қадимги номи Чоч бироз бошқачароқ тарихга эга. «Чоч» ёхуд «Чочанап» топоними милоддан аввалги биринчи минг йилликда пайдо бўлган ва ўша даврдаги маҳаллий аҳоли тилида «тоғ» ва «тош» маъноларини билдирган. «Чочанап» ёхуд «Чачанап» номи Чирчиқ (Оби Чоч) ва Оҳангарон дарёлари оралиғида жойлашган водийга нисбатан ишлатилган. Кейинчалик бу ерда вужудга келган шаҳар Чоч номини олган.

Чоч водийсида сўғдлар кўпайиши билан Чоч шаҳри Чочкат, Чочтепа, Чочкент деб атала бошланган.

VIII асрда Марказий Осиёга кириб келган араблар Чочни «Шош» дея номлаган. Чунки араб алифбосида «ч» ҳарфи йўқ эди. Шу тариқа, шаҳарнинг «Шошкент» номи пайдо бўлади.

Х-ХI асрларда Марказий Осиёда туркий халқлар таъсири кучайиши билан Шошкент туркий тилга таржима қилиниб, «Тошқанд» деб номланади. Бунда шаҳар номланишида қадимги «чоч» сўзининг «тош» маъноси асос қилиб олинади.

Бироқ ХVI асргача Тошкентнинг турли номлари (Чоч, Шош, Бинкат) бирдай қўлланиб келинади ва фақатгина шу даврдан бошлаб Тошкент номи бошқа номларни деярли тўлиқ сиқиб чиқаради.

1930 йилда, Бухоро ва Самарқанддан кейин Ўзбекистон давлати пойтахтига айланган Тошкент шаҳри Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари пойтахтларидан фарқли ўлароқ, СССР даврида ном ўзгартирилишига учрамайди.

Остона — «пойтахт»

Қозоғистон пойтахти ўтган асрнинг 30-йилларидан шаҳарга айлана бошлаган. Ўша пайтларда бу шаҳар Оқмола деб аталган ва унда икки мингдан сал кўпроқ киши истиқомат қилган.