Жаҳон | 09:46 / 06.04.2023
7019
2 дақиқада ўқилади

НАТО Хитойни Россия билан алоқалардаги тарихий хато ҳақида огоҳлантирди

Пекиннинг Москвани қуроллар билан таъминлаши оғир оқибатларга олиб келадиган катта хато бўлади, деди НАТО бош котиби. Шу билан бирга, у альянс Хитой томонидан Россияга бундай ёрдам кўрсатилганини тасдиқлай олмаслигини таъкидлади.

Фото: Reuters

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 5 апрель, чоршанба куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Хитойнинг Россияни ҳар қандай қуроллар билан таъминлаши «жиддий оқибатларга олиб келадиган тарихий хато» бўлишини айтди. Унинг сўзларига кўра, иттифоқчилар, жумладан, «уларнинг энг каттаси» Пекинга бундай ҳаракатнинг оқибатлари кенг қамровли бўлишини билдирган. «Хитой бу ҳақда билади», дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Шимолий Атлантика альянси Хитой томонидан Россияга қандайдир қуроллар етказиб берилганини ҳали тасдиқлай олмайди, деди Столтенберг. «Аммо биз буни диққат билан кузатиб боряпмиз ва бу катта хато бўлишини ҳам аниқ билдирмоқдамиз», деди НАТО бош котиби.

«Биз аниқ биладиган нарса шуки, Хитой Россиянинг Украинага шафқатсизларча бостириб киришини қоралай олмади. Шунингдек, Пекин ва Москва тобора яқинлашиб бораётганини биламиз, - деди Столтенберг. - Биз Хитой Россия иқтисодиётини қўллаб-қувватлаётганидан ҳам хабардормиз».

Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб киришидан бир неча ҳафта олдин Россия ва Хитой чексиз ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаган, деди НАТО бош котиби. Унинг сўзларига кўра, Москва Пекинга, жумладан, савдо алоқаларида ҳам, Ғарбнинг иқтисодий санкциялари туфайли тобора кўпроқ қарам бўлиб бормоқда. Хитой нафақат Россия агрессиясини қоралашдан бош тортяпти, балки Россия ташвиқотини ҳам тарқатяпти, деди альянс раҳбари.

Мавзуга оид