Жаҳон | 08:33 / 08.04.2023
8560
2 дақиқада ўқилади

Росстат: 2022 йилда Россия иқтисодиётининг пасайиши 2,1 фоизни ташкил этди

Росстат маълумотларига кўра, 2022 йилда нефть ва газ секторининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ошган. Аммо бу даромадлар энди пасаймоқда, дея хабар берди Молия вазирлиги.

Фото: РИА Новости

2022 йил охирида Россия иқтисодиётидаги пасайиш 2,1 фоизни ташкил этди, бу ҳақда Росстатнинг 7 апрель, жума куни тақдим этилган ЯИМ ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш йиллик ҳисоботида айтилган. Ушбу маълумотлар агентлик февраль ойида эълон қилган ҳисоб-китоблардан фарқ қилмайди.

Росстат ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда Россия иқтисодиётидаги пасайишнинг чўққиси иккинчи ва учинчи чоракларда содир бўлган – пасайиш мос равишда 4,5 ва 3,5 фоизни ташкил қилган. Тўртинчи чоракда йиллик кўрсаткичларда пасайиш 2,5 фоизгача секинлашди, дейилади идора ҳисоботида.

Шу билан бирга, йил давомидаги биринчи баҳолашда Росстат 2022 йилнинг иккинчи чорагида ялпи ички маҳсулот 4,1 фоизга, учинчисида эса 3,7 фоизга пасайганини таъкидлади, гарчи йил давомида умумий пасайиш бир хил даражада қайд этилган - 2,1 фоиз.

Идора ялпи ички маҳсулотнинг пасайишини савдо, ишлаб чиқариш, транспорт ва сақлаш тармоқларида қўшилган қиймат ҳажми индексини пасайтириш билан оқлади. Бироқ, Россия ялпи ички маҳсулотидаги нефть ва газ секторининг улуши 16,8 фоиздан 18,1 фоизгача ошди, дейилади ҳисоботда.

Росстат Россия ялпи ички маҳсулотидаги нефть ва газ сектори улуши ошгани ҳақида ҳисобот эълон қилиши билан бир вақтда, Россия Молия вазирлиги 2023 йил бошида нефть ва газ даромадлари кескин пасайганини билдирди - улар ўтган йилга нисбатан 45 фоизга қулади.

2023 йилнинг биринчи чорагида бюджетга жами 1,64 триллион рубль тушди, дейилади вазирлик ҳисоботида. Бир йил аввал Россия худди шу даврда 3 триллион рублга яқин даромад олган эди. 2023 йилнинг дастлабки уч ойида Россия даромадларининг умумий қисқариши 2022 йил бошига нисбатан 20,8 фоизга баҳоланди.

Мавзуга оид