АҚШ уларни норасмий равишда «ҳақиқий» деб тан олди, аммо «сизиб кетиш» душманга (яъни Кремлга) нотўғри маълумот етказиш учун Ғарб томонидан атайин уюштирилган операциялиги ёки аксинчалиги борасида шубҳалар сақланиб қолмоқда. Муҳими, сиздирилган ҳужжатлардан Украина армиясининг заифлиги ва кенг кўламли ҳужум операциясини ўтказишга қодир эмаслиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

Шунингдек, маълумотлардан Ғарб Украина қуролли кучларида ва Украина раҳбариятида содир бўлаётган воқеалар ҳақида барча маълумотларга эга эмас деган қарашга келиш ҳам мумкин.

Булар ўзи қандай ҳужжатлар?

Бу ҳужжатлар маълум бир тақдимотда ишлатилган А4 варақларининг фотосуратлари (жами юздан ортиқ). Эҳтимол, ушбу тақдимот 1 март куни Германияда бўлиб ўтган НАТО ва Украина қуролли кучлари вакиллари учрашувида қатнашган америкалик иштирокчилар учун тайёрланган.

  • Кўпгина варақларда «мутлақо махфий» ва «хорижий вакиллар учун эмас» белгилари мавжуд.
  • Баъзи фотосуратлар сифатсиз, хира, баъзиларидан муҳим тафсилотларни аниқлаб олиш мумкин эмас.
  • Ҳужжатларнинг сезиларли қисми Украинага тааллуқли эмас: тўпламда АҚШнинг турли разведка агентликларининг дунё бўйлаб — Хитойдан Ямангача бўлган воқеалар ҳақидаги ҳисоботлари мавжуд. Америка разведка хизматидаги манбалар журналистларга тушунтиришича, бу ҳужжатлар мамлакат раҳбарияти учун тузилган кундалик разведка ҳисоботларига ўхшайди.
  • Украинадаги урушга оид ҳужжатлар фронтдаги мавжуд вазиятни (2 март ҳолатига кўра) ҳам, стратегик масалаларни ҳам тасвирлаган. Хусусан, қарши ҳужум учун янги Украина тузилмаларини жалб қилиш, томонларнинг кучлари ва йўқотишлари мувозанати, Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофааси ҳолати, турли қуролларни етказиб бериш тезлиги кабилар.
  • Алоҳида разведка ҳисоботларида фронтдаги вазият бўйича Украина раҳбариятидаги муҳокамалар ва Россия Бош штабидаги шунга ўхшаш муҳокамалар тўғрисида маълумотлар келтирилган. Масалан, The New York Times газетаси тасдиқлашича, Украина етакчилари феврал ойи охирида Бахмут яқинидаги вазиятни (уни «ҳалокатга яқин» деб атаган ҳолда) муҳокама қилган ва рус қўшинларининг олға силжишини ҳамда шаҳарни ўраб олишини тўхтатиш учун бу ерга элита қисмларни ташлашга қарор қилган. Сиздирилган маълумотларга кўра, Бахмут ҳимоячиларининг руҳий ҳолати ёмон бўлган, чунки улар ҳақиқатан ҳам қуршаб олинганига ишонган. Газета ҳавола қилган ҳужжатнинг сурати бошқа ҳеч қаерда учрамайди.