ЕЧЛ. 1/4 финал. 11 апрел
Манчестер Сити — Бавария 3:0
Голлар: Родри (27), Силва (70), Ҳоланд (77).
Манчестер Сити – Эдерсон, Аке, Диаш, Аканжи, Стоунз, Гундўған, де Брюйне (Альварес, 68), Грилиш, Силва, Родри, Ҳоланд.
Бавария – Зоммер, Павар, Упамекано, де Лигт, Горетцка, Киммих, Дэвис (Канселу, 81), Коман, Сане, Мусиала (Мане, 69), Гнабри (Мюллер, 80).
Огоҳлантиришлар: Силва (48), Дэвис (49), Павар (88).

Бу жамоалар аслида Чемпионлар лигаси финалини безаб берган бўларди. Фаворитлардан бирининг чоракфиналдаёқ иштирокини тўхтатиши адолатсиздек кўринади. Аммо бу бетараф мухлислар учун яхшироқ: улар топ-даражадаги биргина ўйин ўрнига иккита ўйинни томоша қилишади.

Апрел ойининг асосий жанги учун Томас Тухел ҳам, Пеп Гвардиола ҳам ғайриоддий нарса ўйлаб топишига шубҳа йўқ эди. «Бавария» мураббийи учун ҳозир исталган ўйин муҳим аҳамиятга эга ва ундан ўзини кўрсатиш талаб этилади. Мюнхенликларнинг Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши ҳужумдаги схемаси 2-3-5 кўринишини эслатарди, Германия Кубогида «Фрайбург»га қарши — 3-2-5, бундеслигада худди шу рақибга қарши — 4-1-4-1.

Аммо бу сафар Тухел эҳтиёткорликни маъқул кўрди ва икки нафар таянч яримҳимоячисини (Киммиҳ ва Горецка) туширди, шу билан бирга олдинги чизиқдаги танловлар бўйича рақибни доғда қолдирди: бунгача Тухел бошқарувидаги уч ўйинда ҳам стартда бўлган Мюллер захирада қолди, чапақай Сане ўйинни чап қанотда бошлади, ўнг оёқ асосий қуроли бўлган Коман — ўнгда, ҳолбуки дортмундликларга қарши ўйинда барчаси бошқача бўлганди. Бу иш бердими? Қисман: «Бавария»нинг биринчи бўлимдаги ягона хавфли вазияти Сане рақиб дарвозасига яқинлашиб келиб, зарба бериш нуқтасида очилган Мусиалага пас бериши билан кечди (германиялик футболчининг зарбасини Диаш тўсиб қолди). Агар Лерой ўнгақай бўлганида бундай пас бера олмаган бўларди.

«Боруссия» билан ўйинда мюнхенликлар ўз уйида ўйнай туриб, тўпга эгалик қилишда рақибдан ортда қолган ва ноодатий тарзда прессинг қилишда пассив бўлганди. Афтидан, Тухел Манчестерда ҳам шундай йўл тутиб, натижага эришмоқчи эди. Бу қисман ўхшади: «Бавария» ҳужумчилари рақиб ҳимоячиларини марказий линияга яқин ҳудудда қарши олишди, улар олдинроқда ҳимояланиш туфайли ўз жамоаси тузилмаси бузилиб кетишининг олдини олишди. Аммо «Боруссия» билан ўйинда бу йўл фойдали бўлган бўлса, энди эса — йўқ.

Албатта, Гвардиола ҳам тайёргарлик кўрганди — у ўзи ЕЧЛ плей-оффининг кейинги босқичларида велосипед кашф этишни ёқтиради. Каталониялик мутахассис «Бавария» билан ўйин учун Аканжини ўнг қанот ҳимоясига ўтказди, жамоа ҳимояланганда тўрт ҳимоячи схемасида ҳаракатланди (Аке, Диаш, Стоунз ва Аканжи), тўпга эгалик қилинганда эса уч ҳимоячи билан ўйналди - Стоунз таянч зонаси ва ҳимоя ўртасидаги ҳудудга масъул бўлди. Бошқа муҳим ўзгариш эса Бернарду Силванинг позициясига тааллуқли — португалиялик вингер ушбу мавсумда ҳамма ўйинларда ҳам бошланғич таркибда тушмаяпти, бу ўйинда ўнг қанотда атлет Дэвисга қарши ўйнаш учун туширилди. Майдоннинг бу участкасидаги куч ва техниканинг дуэли ўйин бошиданоқ қизиқарли тус олди, якунда эса бу қарама-қаршиликда португалиялик футболчи устун бўлиб чиқди.