Ўтган ҳафта бошида «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин Бахмут шаҳар кенгаши харобалари устида Россия байроғи ўрнатилгани акс этган видеони эълон қилганди. Ўшанда у Бахмут «юридик жиҳатдан эгаллангани»ни айтганди.

Шунга қарамай, бир неча кун ўтиб Пригожин аниқлик киритиб, украин қўшини Бахмутдан кетмагани ва яхши ташкил этилган мудофаани ушлаб турганини айтди.

Украиналик ва хорижий экспертлар айтишича, Россия кучлари Бахмутда ўз тактикасини бир неча бор ўзгартирган. Шаҳар ҳамон уларнинг ҳужум ҳаракатлари маркази бўлиб қолмоқда, аммо улар энди шаҳарни ўраб олишга уринишни бас қилиб, эътиборни аҳоли яшаш кварталларини жанг билан олишга қаратмоқда.

Россия армияси ва «Вагнер» ХҲК жангчилари Бахмут йўналишининг шимоли ва жануби-ғарбида ҳужумларни бир неча бор сустлаштирган, аммо шимоли-ғарбдан шаҳар марказига ёриб киришга катта эътибор қаратмоқда. Бу томонда улар Украина қуролли кучларининг мазкур ҳудуддаги муҳим логистик маркази ҳисобланган Часив Яр шаҳарчасига етиб боришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳозирда Часив Ярга қўшни бўлган, 0506-магистрал бўйида жойлашган Богдановка қишлоғи учун жанг олиб борилмоқда. Россиянинг Z-блогерлари айтишича, бу ердаги муваффақиятли ҳаракатлар «Украина коммуникацияларини паналаб турган бутун қанотни қулатади». Украина ҚК бош штабининг сўнгги баёнотларига кўра, Украина армияси ҳозирча Богдановка атрофидаги барча ҳужумларни қайтармоқда.

Бошқа томондан, жанубда, T0504-трассаси яқинида россияликлар Белая Гора ва Ивановское қишлоқларига киришга уринмоқда.

BBC Украина хизмати маълумотларига кўра, ҳозирча икки қишлоқ ҳам Украина назорати остида қолмоқда. Бу шуни англатадики, РФ армияси ярим қуршов ҳолатида қолган Бахмутга олиб борувчи йўлакни - шаҳарни Константиновка билан боғловчи трассани, шунингдек Часив Ярга олиб чиқувчи 0506-трассасини кесиб қўя олмаган.

Аммо Россия кучлари Бахмут маркази томон илгарилашга эришган. «Вагнер» таъсиридаги телеграм-каналлар шаҳарнинг марказий қисмида олинган кўп сонли фотосуратларни эълон қилмоқда.

Ҳарбийлашган WarGonzo телеграм-канали муаллифи Семен Пегов ва «Вагнер» ХҲК жангчиси Бахмут марказида