Пентагон махфий маълумоти: 2023 йилда Киев ва Москва ўртасида музокара ўтказилмайди
АҚШ разведкасига кўра, Россия ва Украина ўртасида 2023 йилда тинчлик музокаралари бўлиши даргумон.
The Washington Post газетаси яқинда Пентагондан сизиб чиққанидан сўнг ижтимоий тармоқларга тарқалиб кетган махфий ҳужжатдан парчаларни чоп этди.
Ҳақиқийлиги тасдиқланмаган ҳужжатга кўра, Украина ўз ҳудудининг катта қисмини озод қилиши ва Россия армиясининг жиддий йўқотишлари тинчлик музокараларига олиб келиши даргумон.
АҚШ махсус хизматлари фикрича, воқеалар ривожининг «энг эҳтимолий сценарийси» шундан иборатки, 2023 йил охиригача Россия ва Украина «майда» ҳудудий муваффақиятга эриша олади ва ҳеч бир томон ҳал қилувчи устунликни қўлга киритмайди.
Украинада уруш ички умидсизликка ва раҳбарият «танқид қилинишига» олиб келади, бу эса «уни алмаштириш эҳтимолини оширади».
Ҳужжатда айтилишича, урушнинг давом этиши Россияни «тугаётган захиралар»дан фойдаланишга мажбур қилади, шунингдек, аннексия қилинган ҳудудларнинг интеграциялашувини «тезлаштиришга» ундайди.
Америка разведкаси урушнинг боришига таъсир қилиши мумкин бўлган 4 та кутилмаган сценарийни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 12 апрель куни The New York Times газетаси Пентагоннинг сизиб чиққан махфий ҳужжатларидан бирига таянган ҳолда маълумот берди.
Биринчи сценарий - Владимир Путиннинг ўлими, иккинчиси - Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ўлими. Учинчи сценарий – Россия армияси раҳбариятининг ўзгариши, тўртинчиси эса «Украинанинг Кремлга зарба бериши» эҳтимолини ўз ичига олади.
Ҳужжатда айтилишича, бу сценарийлар урушнинг боришига сезиларли таъсир кўрсатиши ёки бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Бундан ташқари, улар урушни тугатадиган тинчлик музокараларига ҳам, кескинлашувга ҳам олиб келиши мумкин.
Нашрнинг ёзишича, Вашингтон энг кўп «Украинанинг Кремлга зарбаси» сценарийсидан хавотирда (ҳужжатда унинг батафсил тавсифи йўқ), чунки бу Россия томонидан кескин эскалацияга, жумладан, тактик ядро қуролидан фойдаланишга олиб келиши мумкин. Бироқ, бу зарба, разведка маълумотларига кўра, Путинни музокаралар зарурлигига ҳам ундаши мумкин.
Мавзуга оид
12:17
Киев ЕПни Россиядан болаларни қайтаришда ёрдам беришга чақирди
11:47
Москвада чақирилувчиларга Россиядан чиқиб кетиш тақиқлангани ҳақида хабар берилди
10:13 / 11.11.2024
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
14:04 / 06.11.2024