Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб пул ўтказмаларини (P2P) амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олиш-олмаслигидан қатъи назар, ўтказмалар учун электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштириб, солиқ органларига тақдим этиши керак.

Бугун, 13 апрел куни Солиқ қўмитасида шу масала бўйича учрашув ўтказилган.  Унда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов, Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев ҳамда банк соҳаси ва тўлов ташкилотлари вакиллари, хусусан ахборот технологиялари бўйича мутахассислари қатнашган. Учрашувда электрон ахборот алмашинувини тартибга солиш ва техник интеграцияни соддалаштириш муҳокама қилинган.

Солиқ қўмитасига кўра, учрашувда P2P-ўтказмалари сабаб солиқ муносабатлари юзага келмаслиги ва жисмоний шахсларда солиқ тўлаш мажбуриятлари пайдо бўлишидан хавотирланиш асоссиз экани айтилган (хавотирлар уйғонишига қўмитанинг ўзи тарқатган расмий хатда “тижорат банкларида P2P операциялари ва уларни солиққа тортиш” деб ёзилгани сабаб бўлди).

Барча P2P ўтказмалардан солиқ органлари хабардор бўлиб туриши кўзда тутилган президент фармони 10 февралда имзоланган эди. Бу кенг жамоатчилик учун кутилмаган янгилик бўлган ва иқтисодчилар томонидан танқид қилинганди. Лекин шундан бери на Солиқ қўмитаси, на Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу амалиётдан мақсад нималиги бўйича ҳеч қанақа изоҳ бермади.

Адлия вазирлиги феврал ойида берган маълумотга кўра, ҳуқуқий экспертиза учун тақдим этилган фармон лойиҳасида P2P ўтказмаларга оид банд бўлмаган. Яъни бунақа кутилмаган ва фармондаги бошқа бандларга мазмунан қовушмайдиган банд ҳужжатга ҳуқуқий экспертизадан кейин қўшиб юборилган. Ҳатто лингвистик экспертизадан ҳам ўтказилмаган шекилли, тўлов ташкилотлари ЭҲФларни “тақдим этади ва расмийлаштиради” дея, сўзларнинг ўрни алмаштириб ёзиб қўйилган.

Адлия вазирлиги ўз баёнотида бу ҳолатни қоралашдан тийилган эди. Ваҳоланки, икки йил олдин имзоланган президент қарорига асосан, 2023 йил 1 январдан бошлаб, тадбиркорлик фаолиятига таъсир кўрсатувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилиши белгиланган.