Россия ҳукумати қуролланиш ва мамлакатни ташқи оламдан ёпиш учун янги қадамни ташлади — Давлат думаси хуфиёна тайёрланган қонун лойиҳасини тезлаштирилган тартибда қабул қилди. Қонун армиядаги хизмат ва сафарбарликдан қутулиб қолишни амалда имконсиз қилади.

Ҳарбий комиссариатларга чақирув қоғозлари энди электрон кўринишда ҳам тарқатилади, чақирилган инсонга дарҳол чет элга чиқиш тақиқланади, хизматдан бўйин товлаганлар эса мол-мулкка эга бўлиш ҳуқуқидан қисилади. Янги қоидалар чақирув қоғозини олганларгагина эмас, Россия иқтисодиёти учун ҳам ёқимсиз оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Нима бўляпти?

Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик (уни якунлаш тўғрисидаги фармонни Владимир Путин ҳануз имзоламаган ва афтидан имзоламоқчи ҳам эмас) эълон қилинганидан ярим йил ўтиб, Россия ҳукумати хизматдан бўйин товловчилар билан жиддийроқ шуғулланиш учун пишиб етилди. «Ҳарбий мажбурият тўғрисида»ги қонунга тузатишлар киритиш пакети тўлиқ махфийлик шароитида ишлаб чиқилди, бу тузатишлар борлиги эълон қилиниши ва уларнинг парламентда уч ўқишда қабул қилиниши учун бир суткадан кам вақт кетди. Эртаси куни Сенат — Федерация кенгаши уни тасдиқлади, жума куни кечқурун унинг остига Владимир Путин ўз имзосини қўйди.

Қонун лойиҳасининг бош муаллифи мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, айни дамда Давлат думасининг мудофаа ишлари бўйича қўмитаси раиси Андрей Картаполовдир. Қонун лойиҳасини аслида ким ёзгани ва уни Кремл билан қандай келишишгани ҳақида тафсилотлар маълум эмас. Демография ва меҳнат бозори учун масъул бўлган ҳукумат учун ҳам бу тузатишлар сюрприз бўлган, деб ёзади The Bell. «Бу масалада йиғилиш бўлгани йўқ, эмиграциянинг эҳтимолли учинчи тўлқини оқибатларини ҳеч ким ҳисобга олмаган», — деган нашрга ҳукуматда ишловчи манбалардан бири.