Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Украина президенти Володимир Зеленскийни танқид қилиб, Киевни Германия манфаатларига кўпроқ эътибор қаратишга чақирди. Бу ҳақда у 8 сентябр куни эълон қилинган Bild нашрига интервюсида гапирди.

Вадефул Германия ҳозирда Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича энг йирик тарафдорлардан бири эканини таъкидлади.

Унинг фикрича, Берлин томонидан Киевга кўрсатилаётган катта кўламдаги ёрдам Германиянинг ўзи учун ҳам иқтисодий самара келтириши керак. Хусусан, немис мудофаа саноати Украина учун амалга оширилаётган ҳарбий харидларда иштирок этиши лозим.

«Ҳозир биз Украинага молиявий ва ҳарбий кўмак кўрсатиш бўйича энг кучли тарафдормиз. Табиийки, Германия мудофаа саноати ҳам бундан манфаат кўриши керак», — деган Вадефул.

Германия ташқи ишлар вазирининг айтишича, у мазкур масалани яқинда Киевга қилган ташрифи чоғида Зеленский билан суҳбатда ҳам кўтарган.

Вадефул Украина раҳбарига Берлин Киев томонида экани ва уни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирган. Бироқ Германия ҳукумати бу сиёсатни мамлакат солиқ тўловчилари олдида ҳам асослаб бериши кераклигини таъкидлаган.

Шу муносабат билан у Украина учун амалга ошириладиган қурол-яроғ харидларида камида Германия мудофаа саноати компанияларининг иштирокини таъминлаш зарурлигини айтган.

Германия Украинага қўшимча 60 млн евро ажратади

Йоханн Вадефул 22 август куни Киевга ташриф буюрган эди. У Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида Германия Украинага яна 60 млн евро миқдорида қўшимча ёрдам ажратишини маълум қилган.

Бундан ташқари, Берлин НАТО жамғармасига яна 10 млн евро ўтказади. Ушбу жамғарма маблағлари, жумладан, Украинага энергия ресурслари, тиббий ускуналар ва дронлардан ҳимояланиш тизимларини етказиб бериш учун сарфланади.

Вадефул, шунингдек, Украинага қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш бўйича турли мамлакатлардаги ҳамкорлар билан музокаралар давом эттирилишини билдирган.

Шундай қилиб, Германия Украинага ҳарбий ва молиявий кўмакни давом эттириш билан бирга, ушбу ёрдам доирасида амалга ошириладиган харидларда ўз мудофаа саноатининг ҳам иштирок этишини истамоқда.