Президент Шавкат Мирзиёев 18 апрель куни сув хўжалигида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгуси вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. 

Йиғилиш аввалида сув хўжалигидаги 4 та катта масала таҳлил қилинди. Булар – сув йўқотилиши, насос станцияларининг энергия истеъмоли кўплиги, сув захиралари камлиги ҳамда сув тежовчи технологиялар билан боғлиқ. 

Қайд этилишича, каналларнинг фойдали иш коэффициенти пастлиги ва ички тармоқларда сув кўп йўқотилиши оқибатида қишлоқ хўжалигида йилига 4 миллиард 800 миллион доллар кам даромад олиняпти. 

Шу боис Жиззах вилояти Пахтакор туманида, тажриба тариқасида, ёпиқ қувурли суғориш тизимини жорий қилиш мўлжалланмоқда. 

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳа ташаббускорининг таклифларини эшитиб, уни қўллаб-қувватлади. Бундай ишларни сув етказиб бериш харажатлари энг юқори бўлган Қашқадарё, Наманган ва Сирдарё вилоятларида ҳам амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. 

Бунга илмий ёндашиб, лойиҳа харажатларини қисқартириш, ёпиқ қувурли суғориш тизимини жорий қилиш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди. 

Насос станцияларини хусусий шерикликка бериш, уларда муқобил энергия манбаларини жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунга Тошкент Ирригация институти олимлари жалб қилиниши, самарали лойиҳаларга қулай шартларда кредит берилиши айтилди. 

Қайд қилинишича, сув танқис бўлган бир шароитда, Ўзбекистонда йилига 1 миллиард куб метр сел сувлари беҳуда оқиб кетаяпти. Президент сел сувларини кичик манбаларда жамғариш мумкинлигини, бу борада ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. 

Бундай лойиҳалар учун 100 миллион доллар жалб қилинадиган бўлди. Уларнинг ҳисобига сув чиққан майдонлар тадбиркорларга узоқ муддатга эркин фойдаланиш учун берилади. 

Ҳозирги кунда 450 минг гектар ёки суғориладиган майдонларнинг 15 фоизи лазерли технологияда текисланган. Агар бундай ерлар 2 баравар кўпайтирилса, яна 900 миллион куб метр сув тежалади, қўшимча 200 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади.