Фотожурналистика соҳасидаги энг йирик ва энг нуфузли танлов бўлмиш World Press Photo талқини бўйича бош мукофотни Мариуполда ишлаган украиналик фотограф Евгений Малолетка қўлга киритди. «Йил фотосурати» номинациясида Мариуполда Россия армияси томонидан ўққа тутилган туғуруқхонада олинган сурат ғолиб бўлди. Бунгача Малолетканинг шаҳар учун жанглар чоғида олинган суратлари Европада энг яхшилари деб тан олинганди (регионлар бўйича ғолиблар март ойи охирида эълон қилинганди, бу фотоларни мазкур ҳаволада кўриш мумкин). Қуйида 2022 йил учун World Press Photo фототанловида ғолиб бўлган суратлар келтирилади.
Йил фотосурати. Евгений Малолетка
Евгений Малолетка ва унинг The Associated Press нашридаги ҳамкасби, видеожурналист Мстислав Чернов Россия армияси қамали вақтида Мариуполда ишлаган. Улар бошқа ишлар қаторида россиялик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилган шаҳар туғуруқхонасидан репортажни ҳам тақдим этишганди. Айнан шу суратлардан бири World Press Photo’нинг асосий номинациясида ғолиб бўлди.
Фотосуратда — зарба оқибатида яраланган 32 ёшли Ирина Калинина акс этган. Унинг чақалоғи жонсиз туғилган, ўзи ҳам бироз ўтиб вафот этган. Туғуруқхонага зарба оқибатида жами уч киши ҳалок бўлиб, 17 киши яраланган. Россия бу жиноят учун жавобгарликни зиммасига олмаган.

Йил фотоҳикояси. Мадс Ниссен
Даниялик фотограф Мадс Ниссен «Йил фотоҳикояси» номинациясида World Press Photo ғолиби бўлди. У толиблар бошқарувидаги Афғонистон ҳаётини тасвирга олган. Унинг суратларидан бирида — оиласи очдан ўлмаслиги учун буйрагини 3,5 минг долларга сотишга мажбур бўлган 15 ёшли бола акс этган. Ниссеннинг яна бир асари — АҚШнинг Кобулдаги собиқ элчихонаси фотосидир, унинг деворида энди «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» ёзуви туширилган.
Ниссен 2020 йилда, коронавирус пандемияси даврида Сан-Паулудаги кекса кишилар пансионатида олинган сурати учун World Press Photo Гран-присини қўлга киритганди.





























