Британиядаги Sunday Times нашри Россия бўйича эксперт ҳамда 20 дан ортиқ китоблар муаллифи бўлган профессор Марк Галеоттининг мақоласини эълон қилди. Унда қайд этилишича, Украина армияси ва сиёсатчиларнинг хоҳиш-истакларига қарамай, бўлажак юриш, катта эҳтимол билан сезиларли натижаларга олиб келмайди - аммо уни ортга суриш, жумладан, сиёсий сабабларга кўра тобора қийин бўлиб бормоқда.
Галеоттининг қайд этишича, украиналик ҳарбийлар билан ишлаган британиялик зобитлар ўз ҳамкасбларидаги қатъийлик ҳақида айтишган. Бошқа томондан, Америка разведкасининг сиздирилган маълумотларига кўра, Украина кичик ҳудудий ютуқлардан ташқари каттароқ нарсага эришиши даргумон.
«Украин ҳарбийлари ҳозирга қадар нафақат маҳорат ва қатъиятни, балки тасаввурдагиларни ҳам намоён этган», дея ёзади муаллиф Украина армиясининг биринчи босқичдаги мудофаа муваффақиятларини қайд этган ҳолда.
Украинлар, масалан, Харкив йўналишидаги юриш вақтида россияликларни оператив ва стратегик даражада донг қолдиришга муваффақ бўлишганди. Ўшанда Москванинг эътибори жанубга қаратилганида, улар рус қўшинлари сийрак жойлашган йўналишда зарба бериб, бир ой ичида 12 минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудни қайтариб олганди.
Киевнинг муаммолари
Аммо, украинлар ғарбнинг янги ва таъмирдан чиққан 230 та танки ҳамда 1550 та зирҳли машиналарини тезда ўзлаштирган бўлса-да, уларда ҳамон исталган йирик юриш амалиёти учун керак бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими етарли эмас. Шунингдек, ғарбдаги экспертларнинг катта командирлар янги тизимларга ва уларни бошқарувчи аскарларга мослаша олишига ишончи комил эмас.

«Шунга қарамай, Киевда баҳор ёки ёзда йирик ҳужум бошлашдан бошқа реал танлов йўқ. Унинг раҳбарлари ўзларини борган сари тор доира ичида қолдирмоқда, - деб ҳисоблайди Галеотти. - Президент Зеленский Ғарбни моҳирлик билан бошқаради, аммо қўллаб-қувватловни сақлаб қолиш учун у Вашингтондаги инсайдерлар «инвестицияларнинг қайтиши» деб атайдиган нарсани кўрсатиши керак».
Зеленский ички сиёсатда ҳам мувозанатни сақлаши талаб этилади. Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи Кирилл Буданов каби «қирғийлар» Москва билан музокаралар ҳақида эшитишни ҳам истамайди, ҳукуматдаги айримлар эса ҳозир бунинг айни вақти деб ҳисобламоқда.


















