“Денгиз заҳматкашлари”да оролнинг ўзига хос хусусиятлари зўр маҳорат билан тасвирланганига муаллиф воқеаларни ўз кўзи билан кўргани, кузатгани сабаб бўлса, асарнинг туғилишига, бадиий юксак бўлишига Ҳюго босиб ўтган узоқ кураш ва ижод йўли, унинг адабиёт соҳасидаги 40 йиллик тажрибаси сабаб бўлди.

Сюжет:

Асар воқеаларининг асосида Жилят исмли балиқчи йигит туради. У Гернсей оролининг бир бурчагидаги кулбада онаси билан яшайди. Онаси вафот этгач бутунлай ёлғизланиб қолади ва одамовига айланади. Унинг дунёқараши атрофидаги одамларга нисбатан кенг, турли китоблари бор бўлганлиги учун одамлар уни жодугар деб ҳам аташади.

Асарнинг яна бир қаҳрамони жаноб Летери. У жияни, асранди қизи Дерюшетта билан яшайди. Дерюшеттага оғир меҳнат қилдирмай, уни аслзодалардек ўстирган. Ўзининг буғ машинали замонавий кемаси ва бу кема воситасида бизнеси мавжуд. Кеманинг номи эса “Дюранда” эди. Жилят ўзи билмаган ҳолда Дерюшеттага ошиқ бўлиб қолади. Ҳар куни уни яширинча кузатадиган, тинмай қиз ҳақида хаёл сурадиган бўлиб қолади.

Кунлардан бир кун жаноб Летерининг кемаси Дувр қояларининг бирига урилиб, ҳалокатга учрагани ҳақида хабар келди. Кема капитани, Летерининг ишонган шогирди Клюбин кемада қолганини, мардонавор ҳалок бўлишни хоҳлаганини эшитиб Летери қаттиқ куюнади, кемасининг ҳалокатидан сўнг тушкунликка тушади. Унга кема корпуси парчаланган бўлса-да, унинг буғ машинаси бус-бутун ҳолатда қояга илиниб турганини айтишади. Бу ҳабардан Летери яна жонланади. Ким шу машинани сақлаб қолса, жиянини беришга ваъда бериб юборади. Аммо бу иш жуда машаққатли, деярли иложсиз эди.

Жилят Дерюшеттага етишиш имконсиз деб ўйларди. Энди эса унинг қалбида умид учқунланди. Ўйлаб ўтирмай бу оғир юмушни ўз бўйнига олди ва эртасига йўлга отланди. Йигит қутқариш йўлида мислсиз қийинчиликлар, оғир ҳолатлар, азобли кунларни бошидан ўтказади. Табиат билан қаттиқ кураш олиб бориб, бу курашда ғалаба қозонади.

Кема машинасини бандаргоҳда кўрган Летерининг ҳолатини тасвирлаш қийин. Аммо Дерюшетта аллақачон Эбеназар исмли кўркам йигитга кўнгил бериб қўйган эди. Буни Жилят тасодифан билиб қолади ва ҳамма орзу-умидлари чилпарчин ҳолатда охирги кучини тўплаб икки севишганни бирлаштиради. Асар сўнгида эса ўз жонига қасд қилади. Табиатни енголган йигитнинг иродаси қалб оғриғини, кўнгил азобини енголмайди.

Таҳлил:

Ҳюго “Денгиз заҳматкашлари”да баён этилган воқеаларни яқин ўтмиш қилиб тасвирларкан, ўз қаҳрамонларини Ла-Манш архипелаги аҳолиси орасидан топди. Бу ерда ҳам тараққий этган капиталистик мамлакатлардагичалик бўлмаса-да, пулнинг ҳар нарсадан устунлиги барибир кўриниб турарди. Летери Дерюшеттага бой куёв мўлжаллагани, Клюбеннинг бойлик учун қилган мунофиқликлари бунинг яққол далилидир.