Ўзбекистон | 09:41 / 06.05.2023
10070
1 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида тартибсиз навбатлар юзага келди. Олийгоҳ изоҳ берди

Маълум бўлишича, Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги тартибсиз навбатлар сиртқи факультет талабаларининг имтиҳон топшириш жараёнида юзага келган. Навбатлар муддатидан олдин имтиҳон топширмоқчи бўлган талабалар ва қайта имтиҳон топширувчилар сабаб пайдо бўлган.

Видеодан кадр

5 майда ижтимоий тармоқларда ТДИУ талабалари имтиҳон топшириш жараёнида тартибсиз навбатда тургани акс этган видеолар тарқалганди.

Ҳолат юзасидан университет маъмурияти расмий муносабат билдирди. Унда айтилишича, ТДИУ сиртқи факультет талабаларининг имтиҳон топширишлари учун қулай вақт сифатида 3 кун — 5, 6 ва 7 май кунлари соат 07:00дан 00:00гача имтиҳонлар белгиланган бўлган.

Аммо шунга қарамай, талабалар вилоятларига вақтлироқ, аниқроғи, бугуннинг ўзида қайтиб кетиш мақсадида имтиҳонга киришда тартибсизликка йўл қўйишган. Улар орасида имтиҳон топшириб, ўта олмагач, қайта топширишни истаганлар ҳам бўлганлиги туфайли навбат кутаётганлар сони ортиб кетган”, – дейилади муносабатда.

Маълум бўлишича, тартибсизлик бартараф этилган, вазият барқарорлашган. Олийгоҳнинг сиртқи факултетида имтиҳонлар 7 майгача давом этади.

Мавзуга оид