Жорий йилги давлат дастурида поликлиникаларда навбат тўлиқ электронга ўтказилиши белгиланган. Вазирлик бунга қанчалик улгура олади? Бу ҳақда Шайхонтоҳур тумани 41-оилавий шифохонаси бош шифокори Дилдора Мирхолиқова гапириб берди.

2025 йилга мўлжалланган давлат дастурига мувофиқ тиббиётнинг бирламчи бўғинини босқичма-босқич трансформация қилиш кўзда тутилган. Бунга Соғлиқни сақлаш вазирлиги улгурадими, республикада тизимни тўлиқ ишга тушириш қандай кетяпти? Kun.uz шу саволларга жавоб олиш учун Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани 41-оилавий шифохонаси бош шифокори Дилдора Мирхолиқова билан суҳбатлашди.

Шифокорга кўра, Тошкент шаҳрида поликлиникаларни электрон тизимга ўтказиш 2024 йилдан бошланган. Бу босқичга ўтишдан олдин ҳар бир оилавий поликлиникада электрон тизимга тайёргарлик кўрилган. Бунда дастлаб аҳолининг тиббий электрон рўйхати ишлаб чиқилган.

“Оилавий поликлиникалардаги ҳар бир шифокор, ҳамширалар компютерлар билан таъминланди. Шифокор олди кўрик хоналари ташкил этилди. Аҳоли электрон навбат олиши учун шароитлар яратилди”, – дейди Мирхолиқова.

Электрон навбатни 5 хил усулда олиш мумкин. Биринчиси поликлиникаларда ўрнатилган инфокиосклар орқали. Бунда бемор ўз ЖШШИРини киритиш орқали навбат олади.

Иккинчи усули поликлиникаларда аҳолини юзидан танийдиган Face ID камералари орқали ҳам навбат олиш мумкин.

Учинчиси поликлиникадаги мобил қизлар. Ҳар бир оилавий поликлиникада 3-4 нафардан мобил қиз хизмат кўрсатади. Улар илк марта келаётган беморни рўйхатга олади ва шу орқали ҳам навбат талонлари олса бўлади.

Тўртинчиси уйда туриб, mygov.uz орқали ҳам навбат олиш мумкин.

Бешинчи эса Dmed дастури. Шу дастур иловасини юклаб олиб, унга аҳоли ўзининг ЖШШИРини киритиши ва бу орқали ўзи рўйхатга олинган поликлиника шифокори навбатига ёзилиши мумкин.

“Бунда ҳар бир оилавий поликлиникада бизнинг IT ҳамшираларимиз бор. Улар уйда туриб навбатга ёзилишни аҳолига ўргатишади. Аҳоли ўзининг рақами, соати билан келса, шифокори қабулига кира олади. Олдин шифокор эшиги тагида навбат кутиб, қолиб кетиш ҳолатлари бўларди. Ҳозир бунақа муаммолар йўқ бўлди”, – деди бош шифокор.

Мирхолиқова тизимдаги, яна бир қулайлик, яъни шифокорга келган бемор таҳлил натижалари учун сарсон бўлиши олди ҳам олинганини қўшимча қилди.