Украина билан уруш Россияда 2024 йилда ўтадиган президентлик сайловларига қандай таъсир қилади? Уруш сайловгача тугайдими? Путин ўзига ворис танлайдими? Россиялик сиёсатшунос бу борада ўз қарашлари, уруш қандай оқибатлар олиб келиши ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Владимир Путин сайловда овоз бермоқда. 2019 йил. Фото: Komsomolskaya Pravda / Global Look Press

Россия президентлик сайловларигача бир йилдан камроқ вақт қолди — у 2024 йил мартида ўтиши керак. «Коммерсантъ» нашри маълумотларига кўра, Кремл аллақачон сайлов кампаниясига тайёргарликни бошлаб юборган. Президент администрациясидаги мулозимлар урушга қарамасдан сайлов ўтиши ва унда Владимир Путин иштирок этишидан келиб чиқишмоқда.

Сиёсатшунос Татяна Становая журналист Фарида Курбангалеевага «махсус ҳарбий амалиёт» шароитида президент сайлови қандай бўлиши, унда Владимир Путиннинг ворисига ўрин топилиши ёки йўқлиги, агар урушда мағлубиятга учралса, Россия нега Ғарб билан қайта дўстлашишдан умид узиши кераклиги ҳақида сўзлади.

«Путин ўзгача оламда яшайди: у ерда у аллақандай тарихий миссияни амалга оширмоқда»

— Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ҳозирча 2024 йилги сайловларда қатнашиш ҳақида бир қарорга келмаганини айтди. Сизнингча, чиндан ҳам у ҳали бу борада қарор қабул қилмаганми ёки муғомбирлик қиляптими?

— Мен фақат шуни айтишим мумкинки, Путин ҳокимият тепасида бўлиб турган ўтган 23 йил мобайнида оммани сўнгги дақиқаларгача ноаниқликда ушлаб туришни хуш кўради. Бу борада ҳеч бир янгилик кўрмаяпман. Менимча, унинг реал режаларидан декабр ойида воқиф бўламиз, энг ёмон ҳолатда эса январда. Бунгача унинг позицияси қуйидагича бўлади: «Биз сайловларни ўйламасдан, ишга диққатни жамлашимиз керак». Токи Путинда Украина билан боғлиқ вазиятни тушунишда жиддий ўзгаришлар бўлмас экан, унинг кетиш имконияти пастлигича қолаверади.

— Путин учун сайловгача нима муҳим: урушни тугатишми ёки қандайдир кўринишда сақлаб қолиш?

— Менимча, бу унинг учун бир бирига боғлиқ бўлмаган айрича икки нарса. Бир анъанавий демократик оҳангда фикрлашга кўникиб қолганмиз: кун тартиби, сайловчилар, сайловолди дастури бор, деб. Путин эса ўзгача оламда яшамоқда: у ерда у аллақандай тарихий миссияни амалга оширмоқда.