2021 йилдаёқ бутунжаҳон меҳнат мигрантларининг ўз ватанларига жўнатган пуллари миқдори 600 млрд долларга яқинлашган. Ўзбекистонда 2022 йилда бу кўрсаткич 13,5 млрд доллар атрофида бўлиб, ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 17 фоизини ташкил этган. Бироқ бир неча факторлар борки, энди бу кўрсаткични сақлаб туриш қийин бўлади:
1. Ўзбекистондан бораётган меҳнат мигрантлари сони бўйича ҳам, жўнатилаётган маблағлар бўйича ҳам мутлақ етакчи бўлган Россия иқтисодиёти мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Санкциялар, табиий бойликларга бўлган талаб ва нархларнинг турли йўллар билан пасайтирилиши, Украина билан уруш, фаол қатламнинг бу давлатни шитоб билан тарк этиши каби омиллар Россияни чўктира бошлагани бугун яққол кўринмоқда.
Қолаверса, мигрантларга қўйилаётган янги-янги талаблар, қўшимча тўловлар шундоқ ҳам даромади қисқариб бораётган муҳожирларни янада қийин вазиятга туширади. Бу ҳозирданоқ жўнатмаларда ўз аксини топган, келажакда ўтказмалар янада камайиши аниқ бўлиб турибди.
2. Жаҳондаги умумий вазият ҳам кўнгилдагидек эмас. Ҳисоб-китобларга кўра, дунё иқтисодиёти 2023 йилда яна бир чўкишни бошдан кечиради. Бу эса бошқа давлатлардан келаётган оқимнинг ҳам табиий камайишини англатади.
3. Долларнинг қадрсизланиши ошиб бормоқда. Ўзбекистонга жўнатилган ўтказмаларнинг 90 фоиздан ортиғи АҚШ долларида амалга оширилади. Ҳатто олдинги кўрсаткичлар сақланиб қолган тақдирда ҳам, у пулнинг кучи олдингидек бўлмайди. Оддий тилда тушунтирганда, бир оилага кириб келаётган 500 доллар олдин барча харажатларга бемалол етган ва яна жамғаришга ҳам ортган бўлса, энди етмайди. Ҳали бу 500 долларни топиш ҳам бор.
4. Янги йўналишлар ўзлаштирилиши ҳали жуда суст. Масалан, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Япония, АҚШ каби бадавлат, шу билан бирга ишчи кучига мунтазам талаб бор давлатларга қонуний бориш жуда чекланган. Давлат органларининг бу борадаги ҳаракатлари кутилган самарани бермаяпти, ишчиларимиз эса у давлатларда қўйилган талабларни кўпда бажара олишмаяпти.
5. Биз ўзимизни энг арзон ишчи кучи экспортчиси ҳисоблаймиз. Аммо дунёдаги вазият тезкор ўзгаряпти. Ҳиндистон, Бангладеш, Покистон каби аҳолиси катта, кам маошга қаноат қилувчи миллионлаб ишчиларни мунтазам бераётган давлатлар бор. Улардан четга кетаётган муҳожирлар бизникиларга қараганда чидамли, буйруққа бўйсунувчан, егуликка, яшаш шароитига инжиқ эмас ва энг муҳими 200 доллар – улар учун қониқарли маош. Бу эса ўзбекистонликлар миграциясининг Арабистон яриморолидаги мамлакатларга кўчишини қийинлаштиради.















