Ўзбекистон | 10:47 / 09.05.2023
4108
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Ҳарвард университети билан ҳамкорликда Тиббий генетика маркази очилади

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги делегациянинг АҚШга хизмат сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон ССВ делегацияси дастлабки мулоқотни дунёнинг энг нуфузли ва қадимий олий ўқув юртларидан бири ҳисобланган Ҳарвард университети раҳбарияти билан ўтказди. 

«Айтиш жоизки, Массачусетс штатида жойлашган мазкур муассасага 1636 йилда асос солинган. Бу ерда 21 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олади. Хусусан, университетнинг Бостон шаҳридаги Ҳарвард тиббиёт мактабида соғлиқни сақлаш соҳасининг деярли барча йўналишлари учун мутахассислар тайёрланади. 

Ушбу муассаса битирувчилари орасидан 75 нафар Нобел мукофоти совриндори, АҚШнинг саккиз нафар президенти чиққан. 

Учрашувда мазкур университет билан кенг кўламли ҳамкорлик бўйича қатор келишувларга эришилди. Хусусан, Ҳарвард геномика маркази билан тиббий-генетика соҳасидаги келишув юртимизда ушбу йўналишни тизимли равишда йўлга қўйиш учун муҳим асос бўлди. 

Айтиш керак, мазкур ҳамкорлик юртимизда тиббий генетика бўйича марказ ташкил этиш, уни энг сўнгги ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, АҚШ университетида ўзбекистонлик мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ўз ичига олади.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизими раҳбар кадрларини ўқитиш, тиббий генетика мутахассислари малакасини ошириб, улардан тренерлар тайёрлаш, таълим бўйича Гарвард университети билан юртимиздаги соҳага дахлдор олий ўқув юртлари, ихтисослашган марказлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, илмий алоқаларни кенгайтириш режалаштирилди. 

Бинобарин, Ўзбекистонда ташкил этиладиган Тиббий генетика марказининг архитектураси, дизайни, стратегия ва концепциясини биргаликда ишлаб чиқиш масаласи муҳокама этилди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида. 

Ўз навбатида, ҳамкорлар Тошкент тиббиёт академиясининг Биотехнологиялар маркази таркибидаги генетик илмий лаборатория базасида ўзаро алоқаларни ривожлантиришга розилик билдирган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид