Украина раҳбари 8 май куни Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган ғалаба куни муносабати билан нутқ сўзлади. Унинг сўзларига кўра, «эски ёвузлик» қайтди, Россия уни худди нацистлар каби бир мақсадда – қуллик ва қирғинни кўзлаган ҳолда қайтарди. Аммо улар муваффақиятга эриша олмайди, деб ишонтирди Зеленский.

«Биз давлатимизга мафкуравий таъсирларсиз, соф тарихни қайтаряпмиз. Айнан 8 май куни дунё халқларининг аксарияти фашистлар устидан қозонилган ғалабанинг буюклигини эслайди. Бугун мен тегишли фармонни имзоладим ва ҳар йили, эртадан бошлаб, 9 май куни тарихий бирлигимизни нишонлаймиз – нацизмни йўқ қилган ва рашизмни енгадиган барча европаликларнинг бирлигини нишонлаймиз», деди Украина президенти.

Ғарб давлатлари Иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабани 8 май куни нишонлайди: Германиянинг сўзсиз таслим бўлиши 1945 йил 8 май куни маҳаллий вақт билан соат 23:01 да кучга кирган, Москвада эса бу расман 9 май куни эди.

Россиядан ташқари, 9 май Ғалаба кунини МДҲ айрим давлатлари, шунингдек, Сербия ва Исроил ҳам нишонлайди.

Олий Рада аллақачон қонун лойиҳасини тезкор қабул қилиш мумкинлигига ишора қилган. Ҳукмрон «Халқ хизматкори» партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Давид Арахамия қонун лойиҳаси тезкорлик билан қабул қилинишига ишонтирди.

«Биз Олий Радада президент томонидан киритилган қонун лойиҳасини қабул қилишни тезлаштириш ва бу тарихий лаҳзани ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш устида ишлаяпмиз», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Рада биринчи вице-спикери Олександр Корниенконинг сўзларига кўра, ҳужжат «ҳеч қандай махсус муҳокамалар ва ўзгартиришларсиз» қабул қилиниши мумкин.

Киевда 2011 йилги ғалаба куни байрами. Фото: AFP (Архив фото)

Украинадаги BBC мухбири Святослав Хоменко Ғалаба кунининг кўчирилиши ва Европа куни украиналиклар учун нимани англатишини тушунтирди.

«Ватандошларимнинг маълум ва сезиларли қисми бугунгача май ойининг учинчи дам олиш кунида нишонланиб келинаётган «Европа куни» деб номланган байрам мавжудлигидан бехабарлигини айтишдан қўрқмайман. Шу кунларда йирик шаҳарларнинг марказий кўчаларида Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар байроқлари туширилган чодирлар пайдо бўлди. Улар буклет ва варақалар тарқатишди, ушбу мамлакатлар мусиқаси янгради. Кечқурун – тантанали тадбирлар. Украинанинг Европа сари бораётгани ҳақидаги расмийларнинг нутқлари...