Парадни шарҳлаган бошловчи 8 минг жангчи қатнашаётганини айтди. Гарчи март ойида, мудофаа вазирлиги коллегиясида Сергей Шойгу уларнинг сони камида 10 минг киши бўлишини ваъда қилган эди. 2022 йилги парадда 11 минг киши қатнашган.

Одатда парадда Россия янги техникаларни, шунингдек, 2010-йиллардаги Россия ҳарбий-саноат комплексининг анъанавий ишланмалари тўпламини –«Армата» оиласига кирувчи Т-14 танки ва Т-15 пиёда жанговар машинасини, «Коалиция» ўзиюрар техникасини, «Курганец» жанговар машинасини, 8 ғилдиракли «Бумеранг» зирҳли машинасини намойиш этарди. 2015 йилдан бери улар эски ва янги техникалар билан бирга барча парадларнинг асосини ташкил этган.

Бу йил, параддан олдин Россия матбуоти янги Т-72Б3М танки, янги «Ахмат» ва ВПК-Урал зирҳли автомобили, шунингдек, аллақачон таниш бўлган Т-90М, Т-72Б3 танклари, «Ярс» ядровий ракеталари, тезкор-тактик «Искандер» ва С-400 зенит ракеталари намойиш этилиши ҳақида ёзди.

Аммо зирҳли транспорт воситаларидан фақат «Бумеранг»лар намойиш этилди. «Армата», «Курганец» ва «Коалиция»нинг йўқлиги эса ҳайратда қолдирди. Натижада, параднинг ўзида янада камроқ техникалар намойиш этилди.

Майдон бўйлаб фақат ғилдиракли машиналар ҳаракатланди ва диктор негадир «Ахмат» сўзини айтмади. Расмий равишда шундай деб аталадиган зирҳли транспорт воситасини «КамАЗ автомашинаси асосидаги ҳимояланган машина» деб атади. Ваҳоланки, Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг сўзларига кўра, ушбу зирҳли машина унинг шахсий илтимосига биноан ишлаб чиқарилган.

Сергей Шойгу парадда 10 минг киши бўлишини маълум қилганди, амалда эса саккиз минг киши чиқди. Фото: AFP

Парадда авиация намойиш этилмади. Аввалроқ, шундай бўлиши мумкинлигини Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам айтган эди. Одатда самолётлар ва вертолётларнинг парвози ёмон об-ҳаво туфайли бекор қилинади, аммо бу йил 9 май куни Москва осмони мусаффо эди.

Параднинг яна бир ўзига хос хусусияти – трибуналарда катта эҳтимол билан «Вагнер» ёлланма жангчилари ҳам бўлгани эди. Бошловчи уларни «ҳужум отрядлари жангчилари» деб атади. Россия мудофаа вазирлиги ҳисоботларида вагнерчилар одатда шундай номланади.

2023 йилда Ғалаба парадини ташкил қилиш борасида Россия ҳукумати қийин аҳволга тушиб қолган бўлиши мумкин.

Биринчидан, ўтган йили «Армата», «Курганец» ва «Коалиция»лар иштирокидаги анъанавий параддан сўнг, ижтимоий тармоқларнинг россияпараст аккаунтларида «нега бу замонавий техникалар фронтда эмас?» деган савол билан кўплаб шарҳлар пайдо бўлганди.