Жаҳон | 17:52 / 10.05.2023
17198
6 дақиқада ўқилади

Путин Гуржистон фуқаролари учун виза режимини бекор қилди. Президент буни қоралаб чиқди

Грузия президенти бу қарорни «Россиянинг навбатдаги провокацияси» деб баҳолади.

Тбилиси аэропорти. Фото: EPA

Россия 15 майдан Гуржистон фуқаролари учун виза режимини бекор қилади - фақат ишлаш учун келувчилар бундан мустасно. Тегишли фармон Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланган. У бошқа фармони билан Гуржистонга авиакомпаниялар парвозларига қўйилган тақиқни ҳам ечган. Гуржистон президенти Путиннинг қарорини провокация, Украина билан уруш давом этаётган шароитда виза режими бекор қилинишини номақбул деб атади, аммо Саломе Зурабишвили Гуржистон ҳукумати позициясини ифода эта олмайди.

Визасиз режим

Гуржистон ва Россия ўртасидаги виза режими 2000 йилда, Россия ҳукумати қарорига кўра киритилганди, шундан кейин Гуржистон ҳам Россия фуқаролари учун виза режимини жорий этади. 2008 йилдаги урушдан кейин Гуржистон Россия билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилади.

Путиннинг фармони матнида Кремл нима учун Гуржистон фуқаролари учун визани бекор қилгани ҳақидаги саволга жавоб йўқ.

Гуржистон ҳукумати Украинага қарши уруш бошлаган Россия билан муносабатларда танлаган позицияси туфайли мамлакат ичкарисида ҳам, хорижда ҳам танқидлар нишонига айланган.

Гуржистон Москвага қарши санкцияларга қўшилмаган, бу «иккинчи фронт» очилиши хавфи билан изоҳланган. Ўз навбатида, Украинага босқин туфайли мамлакатни тарк этмоқчи бўлган Россия фуқароларининг кўпчилигини гуржистонлик чегарачилар мамлакат ҳудудига ўтказмади.

Эндиликда, Украинага қарши урушни давом эттираётган Путин «2023 йил 15 майдан бошлаб Гуржистон фуқаролари Россия Федерациясига киришда ва РФдан чиқишда виза расмийлаштирмасдан, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ҳаракатланиши»га имкон берувчи фармонини имзолади. Фақат «РФ ҳудудига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ёки 90 кундан ортиқ муддатга, жумладан таълим олиш учун келадиган фуқаролар» бундан мустасно.

Гуржистонга парвозлар

Бундан ташқари, Россия Гуржистонга тўғридан тўғри авиақатновларни тиклашга қарор қилди.

2019 йил 21 июнда Путин Гуржистон билан йўловчи рейсларни амалга оширишни тақиқлаш тўғрисидаги фармонини имзолаганди. Янги фармон билан у бу қарорини бекор қилди.

Бу тақиқ Тбилисидаги намойишлардан кейин киритилганди - намойишлар эса Гуржистон пойтахтига Проваславлар парламентлараро ассамблеясида иштирок этиш учун келган Давлат думаси депутати Сергей Гавриловнинг ҳаракатлари туртки бўлганди. Ассамблея йиғилиши Гуржистон парламентида ўтказилган, Гаврилов эса спикер креслосига ўтириб олиши намойишлар тўлқинини келтириб чиқарганди.

Россия транспорт вазирлиги маҳаллий авиакомпаниялар маҳаллий ишлаб чиқарилган самолётлар орқали «Москвадан Тбилисига, Тбилисидан Москвага ҳар ҳафта еттита тўғридан тўғри рейс амалга ошириши», «авиаташувчилар парвозларни тиклаш жараёнига тайёрланаётгани» ҳақида эълон қилди.

Гуржистонга қатновлар тўхтатилгунига қадар парвозлар Россиянинг «Аэрофлот», «Победа», S7, Utair, «Урал авиайўллари» ва Red Wings, шунингдек, гуржиларнинг Georgian Airways ва MyWay Airlines авиакомпаниялари томонидан амалга ошириларди.

Гуржистон реакцияси

Гуржистон ҳукумати, жумладан мамлакат ички ишлар вазирлиги ва ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси ҳозирча виза бекор қилиниши ва парвозлар тикланиши тўғрисидаги янгиликка муносабат билдирмади.

Ваколатлари чекланган ва позицияси расмий Тбилиси позициясини англатмайдиган Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили эса Путиннинг қарорини қоралади.

«Россиянинг навбатдаги провокацияси! - дея ёзди у твиттерида. - Россия Украинага тажовузкорликни давом эттираётган ва бизнинг ҳудудларимизни эгаллаб турган шароитда Гуржистон билан тўғридан тўғри рейслар тикланиши ва виза режими бекор қилинишига йўл қўйиб бўлмайди».

Москва Тбилисига муносабатни қандай ўзгартирмоқда?

Россия ҳукумати Гуржистон ҳукмрон партияси ва ҳукуматининг Украина масаласидаги позициясини ижобий баҳолайди.

«Биз Гуржистон, деярли бошқа барча давлатлар қатори Россия Федерациясига қарши санкцияларга қўшилишни очиқ ва ошкора талаб қилаётган Ғарб томонидан боси м остида қолаётганини кўриб турибмиз. Кичик давлат ва унинг ҳукумати ўз манфаати, иқтисодиёти манфаатларини ҳисобга олган ҳолда жасоратга эга бўлиши ҳурматга сазовордир», деганди январ ойида Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров.

Ўшанда Лавров Россия тез орада Гуржистон билан авиақатновларни тиклашдан умид қилаётганини айтганди.

Март ойи охирида Федерация Кенгашининг халқаро масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Григорий Карасин Гуржистоннинг Россияга қарши санкциялар бўйича реакциясини «мувозанатли» деб атади ва «бу факт эътибордан четда қолмаслиги»га ваъда берди (Карасин - ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари ҳисобланади).

Виза режими бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида ўтган йил декабрида Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Михаил Галузин ҳам айтиб ўтганди.

2019 йил июлида Россиянинг парвозларни бир томонлама тўхтатишига сабабчи бўлган депутат Гаврилов NEWS.ru нашрига берган изоҳида Гуржистон билан нафақат авиақатновларни, балки дипломатик алоқаларни ҳам тўла тиклаш зарурлиги ҳақида гапирган.

Мавзуга оид