Кейинги пайтларда “Таъминот ва логистика хизмати” ДУК томонидан ўтказилаётган тендерлар анчагина шубҳали бўлмоқда. Негаки, миллиардлаб сўмлик тендерларни фаолият тури харид қилинаётган маҳсулотга мос келмайдиган тадбиркорлик субъектлари ютиб кетяпти. Қолаверса, айрим ҳолларда арзон нарх таклиф қилган корхона қолиб, қиммат нарх айтган корхона ғолиб деб топилиб, улар билан шартномалар қилинмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таъминот хизмати олдинроқ ўқув қуроллари хариди учун 12 та тендер ўтказган ҳамда уларнинг 4 тасини ёғоч ва қурилиш материаллари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи фирма, биттасини фаолият тури автомашиналарни ювиш бўлган фирма ютиб олганди. Kun.uz ҳисоб-китобларига кўра, ўшанда ғолиб фирмалар билан 13,5 млрд сўм қиммат нархларда шартнома имзоланган.
3 май куни спорт анжомлари (тўплар) хариди учун ўтказилган тендерларда ҳам бу каби ҳолат кузатилди: 5 та лотнинг иккитасида фаолият тури нон, хамирдан қандолат маҳсулотлари, торт ва пирож ишлаб чиқариш бўлган МЧЖ ғолиб деб топилган.

1-ҳолат: 7 млрд 444 млн сўм
Оролбўйи ҳудудидаги мактаблар учун спорт анжомлари – ҳар бири 12 630 донадан футбол, волейбол, баскетбол, гандбол тўплари ва 2526 та секундомер харид қилиш мақсадида 7 млрд 754 млн сўм бошланғич сумма билан танлов эълон қилинган.
Танловда “Ko'xna Diyor” МЧЖ ғолиб деб топилган ва у билан 7 млрд 444 млн 687 минг сўмга шартнома имзоланган.

Реестрга кўра, “Ko'xna Diyor” МЧЖ нон, хамирдан қандолат маҳсулотлари, торт ва пирог ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Андижон вилоятининг Балиқчи туманида давлат рўйхатидан ўтказилган корхона раҳбари – Шоҳакбар Рустамов.
2-ҳолат: 14 млрд 305 млн сўм
Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятидаги мактаблар учун спорт анжомлари – ҳар бири 24 270 донадан футбол, волейбол, баскетбол, гандбол тўплари ва 4854 дона секундомер харид қилиш мақсадида 14 млрд 901 млн сўм бошланғич сумма билан танлов эълон қилинган.
Танловни “Ko'xna Diyor” МЧЖ ютган ва у билан 14 млрд 305 млн сўмга шартнома имзоланган.










