Яримфиналлар олдидан Баҳодир Жалолов муддатдан аввал турнирнинг финалига чиққани маълум бўлди. +92 кг вазн тоифасида Баҳодирга қарши жанг қилиши кўзда тутилган испаниялик Аюб Гадфа Дрисси рингга чиқмаслигини билдирди. Рақиб жангдан бош тортгач, Жалолов тўғридан-тўғри финалга йўлланма олди. 

Яримфиналдаги қолган 8 нафар ўзбекистонлик боксчиларнинг 12 май кунги иштирокини -54 вазн тоифасидаги Ойбек Жўраев бошлаб берди. У ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпиони россиялик Дмитрий Двалига қарши рингга кўтарилиб, 5:2 ҳисобида зафар қучди. 

-67 кг вазн тоифасида эса Асадхўжа Мўйдинхўжаев яримфинал жангини мўғулистонлик Мишеел Баттумурга қарши ўтказди ва 5:0 ҳисобидаги ғалаба билан финалга йўл олди. 

Учинчи яримфинал жангида эса Аълохон Абдуллаев бразилиялик Вандерлей Перейрага қарши рингга кўтарилди ва 1:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Бу вакилларимизнинг яримфиналдаги биринчи йўқотиши бўлди ва Абдуллаев бронза медали билан чекланади. 

 -92 кг вазн тоифасидаги Лазизбек Мулложонов эса чоракфиналда Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби ва 4 карра жаҳон чемпиони Сезар Ла Крузни мағлуб этгач, бу сафар россиялик жаҳон чемпиони ва Токио-2020 Олимпиадаси кумуш медали соҳиби Муслим Гажимагомедовга қарши жанг қилди. Уч раунд давом этган баҳсда Мулложонов номдор рақибига ютқазди – 1:4. У ҳам турнирда бронза медали билан чекланадиган бўлди. 

Бешинчи яримфинал жангида -51 кг вазн тоифасидаги Ҳасанбой Дўсматов испаниялик Мартин Молинага қарши рингга чиқди. Жанг давомида Олимпиада-2016 ғолиби финалга муносиб эканлигини кўрсата олди – 5:0. Бу Дўсматовнинг фаолиятидаги ЖЧдаги иккинчи финал бўлади. 

Олтинчи яримфиналда эса Абдумалик Халоков қирғизистонлик Мунарбек Сеитбек Уулуга қарши жанг қилди ва 1-раунддаёқ рақибидан устун келди ва техник ғалаба билан финал йўлланмасига эга чиқди.